- 2013-06-05
АҚШ ва Эрон дипломатия орқали инқирозга ечим излаётган бир пайтда, таҳдидлар билан
бир-бирига дағдаға ҳам қилмоқда. Теҳрон: “Ҳужум бўлса, АҚШ базаларини йўқ қиламиз”, деса, Трамп: “Ҳарбий аралашув варианти ҳали ҳам столда”, деган хабарни берди.
Уммонда ўтказилган музокаралардан сўнг ҳам АҚШ, ҳам Эрон томонидан берилган баёнотлар Яқин Шарқда кескинликни пасайтирган бўлса-да, майдондаги уруш хавфи ҳали ҳам юқори. Теҳрон ва Вашингтон “Келишув эшиги очиқ” деётган бўлсалар-да, бир-бирларига шубҳа билан қарамоқдалар.
Томонлар ядровий дастур ва баллистик ракеталар бўйича келиша олмаётгани айтилмоқда. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ҳужум содир бўлган тақдирда минтақадаги АҚШ базаларини нишонга олишларини қайд этиб: “АҚШга ишонмаймиз”, деди. АҚШ президенти Дональд Трамп эса Эрон келишув тузишга жуда иштиёқманд кўринаётганини ифода этиб: “Ҳарбий аралашув варианти ҳали ҳам столда”, деган хабарни йўллади.
Музокаралар ва жараённи баҳолаган Эрон тадқиқотлари маркази (İRAM) эксперти Раҳим Фарзам томонлар бир-бирини синаётганини айтди. АҚШ музокаралар орқали Эроннинг келишувга қанчалик яқин ёки узоқ эканини кўришни истаётганини таъкидлаган Фарзам шундай деди:
“Эрон ички ва ташқи босимга дуч келмоқда. Намойишлар яқиндагина бостирилди. Қаршисида эса минтақага ҳарбий куч тўплаётган АҚШ турибди. Музокара столининг тикланиши Эрон учун жуда муҳим. Эрон АҚШга шубҳа билан қарамоқда, Трампга нисбатан жиддий ишончсизлик бор, бироқ дипломатиянинг жонлангани яхши янгилик бўлди. Музокарадан аниқ натижа чиқмади, лекин баёнотларга қараганда, икки томон ҳам истаганини олгандек кўринмоқда.”
Учрашувларни “эҳтиёткор оптимизм” деб атаган Раҳим Фарзам, Эрон музокараларга баллистик ракеталар мавзуси киритилишини истамаётганини, Теҳрон маъмуриятидан ижобий сигналлар келаётганини қайд этди. Фарзам Вашингтоннинг ҳарбий куч тўплаши ва минтақадаги АҚШ базаларидаги ҳаракатчанликка қарамай, ҳозирча дипломатия йўли билан натижага эришишга ҳаракат қилинаётганига эътибор қаратди:
“Ҳарбий аралашув АҚШ ҳам истайдиган қадам эмасдек кўринмоқда. Трамп учун бу сайлов йили. Нефт нархларидаги ўзгариш АҚШдаги инфляцияга таъсир қилади. Бу эса Трамп истайдиган энг охирги нарса бўлиши мумкин. АҚШ ички сиёсатини ўйлаганда, режим ўзгаришига олиб келадиган даражадаги ҳужум эҳтимоли паст кўринади.”
Трамп АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама даврида Эрон билан тузилган келишувни муваффақиятсиз деб ҳисоблашини эслатган Фарзам: “Янги келишув 2015 йилда имзоланганидан яхшироқ бўлиши керакки, Трамп уни ғалаба деб эълон қила олсин. Музокаралар қандай йўналишда давом этишини тахмин қилиш қийин, келишувга эришилиши ҳам мумкин, бироқ Трамп ҳақида гап кетганда, кутилмаган сценарийларга ҳам тайёр туриш керак. Эрон эса эҳтимолий АҚШ ҳужумига тайёргарлик кўрмоқда”, деган фикрларни билдирди.