- 2017-08-17
Ҳиндистонда истироҳат боғидаги аттракцион айланаётган вақтда асосий қисми узилиб кетиши
оқибатида ҳавода парчаланиб, ерга қулади. Ичида болалар ҳам бўлган ҳалокатда 1 киши ҳаётдан кўз юмди, 13 киши жароҳатланди.
Ҳиндистондаги сайил фожиа билан якунланди. “Цунами” арғимчоғи устида кўплаб одамлар бўлган вақтда катта шовқин билан узилиб кетди. “NDTV” хабарига кўра, аттракционнинг асосий қисмларидан бири айланиш вақтида синиб кетган. Узилган бўлак билан бирга қурилма тўсатдан ерга қулаган. Боғдаги одамлар ваҳимага тушиб, жон ҳолатда қоча бошлаганлар.
Ҳалокатдан сўнг воқеа жойига тиббий ва хавфсизлик гуруҳлари етиб келди. Аттракционнинг ерга урилиши оқибатида бир полиция ходими ҳалок бўлгани маълум бўлди. Жароҳатланган 13 киши шифохоналарга етказилди, улардан баъзиларининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда аттракцион айланишда давом этаётиб ерга қулагани, одамларнинг чинқириқлари ва ҳар томонга қочишаётган лаҳзалари аниқ кўринади. Бу тасвирлар қисқа вақт ичида катта муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мутасаддилар ҳодиса сабабларини ўрганиш бўйича текширув бошладилар. Аттракционнинг техник ҳолати, таъмирлаш қайдлари ва тадбиркорнинг масъулияти диққат марказига олинди. Воқеадан сўнг боғдаги бошқа аттракционлар фаолияти ҳам вақтинча тўхтатилди.