Қозоғистон қўшни давлатлар билан сунъий йўлдош интернетини “бўлишади”.


  • 10 Февраль, 2026
  • 16

Қозоғистон Тожикистон, Қирғизистон ва Мўғулистон билан интернет бўлишади. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари – сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев маълум қилди.

Бош вазир ўринбосари президент иштирокида ўтказилган ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида маъруза қилди.

“Жорий йилда қўшимча равишда 1 900 та қишлоқ оптик толали алоқадан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Келаси йили бундай қишлоқлар улуши 90 фоиздан ошади. Барча республика аҳамиятидаги йўллар алоқа инфратузилмаси билан таъминланади. Сизнинг топшириғингизга биноан, ўтган йилнинг декабрь ойида барча ўтказиш пунктлари интернет билан таъминланди. Шунингдек, «Қазақстан темір жолы» йўловчи ташишнинг барча асосий йўналишларида интернетдан фойдаланиш имконияти пайдо бўлади. Биринчи марта миллий авиаташувчи бортида интернетдан фойдаланишни бошлайдилар”, деди Мадиев.

Вазирнинг сўзларига кўра, рақамли инфратузилма қозоғистонликларнинг эҳтиёжларини қондиришдан ташқари, мамлакатга минтақавий рақамли боғлиқликни таъминлашда етакчилик ролини мустаҳкамлаш имконини беради.

“«Starlink» Қозоғистон ҳудудида қурган «gate»-станциялари орқали сунъий йўлдош интернети қўшни давлатлар учун ҳам очиқ бўлади. Масалан, Тожикистон учун трафик жорий йилда йўлга қўйилади. Навбатда Мўғулистон ва Қирғизистон турибди. Транскаспий оптик толали алоқа линияси бўйича Ўзбекистон аллақачон «оффтейк»-шартномаларни таклиф қилмоқда”, деди Мадиев.

Астанада президент Қосим-Жўмарт Тўқаев раислигида ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтмоқда.


Бошқа мақолалар