- 2016-11-01
Германиянинг Бавария штатида содир бўлган воқеа мамлакатни ларзага солди. 82 ёшли аёл онасининг
ўлимини яшириб, унинг нафақа пулини олишда давом этгани маълум бўлди.
Бавария штатининг Румансфельден шаҳарчасида ақл бовар қилмайдиган воқеа юз берди. 82 ёшли аёл вафот этган онасининг жасадини йиллар давомида уйининг ертўласида мумиёланган ҳолда сақлаб келгани ошкор бўлди.
Немис ОАВларида тарқатилган маълумотларга кўра, аёл онасининг ўлими ҳақида расмий идораларга хабар бермаган. Нафақа пули тўланиши давом этиши учун жасадни яширганлиги аниқланди.
103 ёшга тўлган деб ҳисобланган шаҳарча турғуни учун Румансфельден мэри Вернер Тройбер ҳаракатга тушди. Мэр 103 ёшли ватандошни табриклаш ва совға топшириш ниятида бўлган. Бироқ уйга ташриф буюриш ҳақидаги илтимослар жавобсиз қолди.
Қўшнилар кекса аёлни қарийб 10 йилдан бери кўрмаганликларини айтишгач, шубҳалар янада ортди. Кўпайган хабарлардан сўнг полиция ходимлари уйга кирди.
Уйда ўтказилган тинтув натижасида 103 ёшли аёлнинг жасади ертўладан мумиёланган ҳолда топилди. Воқеа жойини кўздан кечириш ишларидан сўнг жасад экспертизага юборилди.
Ўтказилган аутопсия натижасида ўлим вақти ва сабабини аниқлашнинг имкони бўлмади. Ваколатли идораларга ҳеч қандай ўлим ҳақида маълумот берилмагани қайд этилди.
Онасининг ўлимини яширганлик ва нафақа пулини ноқонуний олиб келганликда айбланаётган 82 ёшли аёлга нисбатан фирибгарлик моддаси бўйича тергов бошланди.