- 2015-01-07
Миллий статистика бюросининг 2026 йил 1 февралдаги маълумотларига кўра, Қозоғистонда
5 908 124 та автомобиль рўйхатга олинган. Автопаркнинг асосий қисмини енгил автомобиллар ташкил этади — 4 956 786 бирлик.
Энг кўп енгил автомобиль Алматида рўйхатга олинган — 623 091 та. Кейинги ўринларда Астана — 400 687 та ва Чимкент — 284 450 та. Алмати, Астана ва Чимкент шаҳарларида жами 1 308 228 та автомобиль мавжуд бўлиб, бу мамлакатдаги жами енгил автомобилларнинг тахминан 26,4 фоизини ташкил этади.
Агар вазиятни автомобилларнинг умумий сони бўйича эмас, балки ҳар минг нафар ватандошга тўғри келадиган “автомобиллашиш” даражаси бўйича баҳоласак, манзара қуйидагича кўриниш олади:
Қозоғистонда жами 4 956 786 та енгил автомобиль бўлиб, аҳоли сони 20 495 975 кишини ташкил этади. Бу ҳар 1000 нафар ватандошга тахминан 241 та автомобиль тўғри келади демакдир. Яъни, тахминан ҳар тўрт кишига битта автомобиль.
Ҳудудлар кесимида эса энг юқори кўрсаткич Алматида. Жанубий пойтахтда 2 345 012 нафар аҳолига 623 091 та енгил автомобиль тўғри келади. Бу ҳар 1000 нафар ватандошга тахминан 266 та автомобиль демакдир. Астанада 1 630 640 нафар аҳолига 400 687 та енгил машина — ҳар минг кишига 246 та автомобиль тўғри келади. Чимкентда бу кўрсаткич пастроқ — 1 291 011 нафар аҳолига 284 450 та автомобиль (ҳар 1000 кишига 220 та машина).
Шундай қилиб, Алмати учта мегаполис ичида энг кўп автомобиллашган шаҳар бўлиб қолмоқда. Энг кам автомобиль Улитау вилоятида қайд этилган: 219 200 нафар аҳолига 31 399 та енгил машина (ҳар 1000 нафар ватандошга 143 та автомобиль).
Бюро тушунтиришича, ИИВ маълумотлар базаси янгилангандан сўнг автомобилларнинг умумий сонида камайиш кузатилган. Бу маълумотларни қайта ишлаш ва такрорий ёзувларни, техник хатоларни ўчириш билан боғлиқ.
Транспорт экспертлари йўллардаги юкламани камайтириш ва экологик вазиятни яхшилаш учун пуллик тўхташ жойларини кенгайтиришни таклиф қилмоқдалар. 2025 йил август ойида Алмати маслиҳати экологик класси паст автомобиллар учун шаҳарга киришни пуллик қилиш лойиҳасини тайёрлаган эди. Тирбандликлар сабабли Алмати ва Астана ҳокимликлари давлат хизматчиларининг иш графигини ўзгартирди ва талабалар учун ўқиш вақтини суришни таклиф қилмоқда.