- 2016-11-17
Энг қатъий қоидаларга эга давлатлар рўйхати кундан-кунга кенгайиб бормоқда. Кундалик ҳаётда оддий
туюлган кўплаб хатти-ҳаракатлар баъзи мамлакатларда катта миқдордаги жарималарга, ҳатто қамоқ жазосигача олиб келиши мумкин.
Европа ва Осиёда жойлашган икки давлат ўзларининг ғайриоддий тақиқлари билан алоҳида ажралиб туради. Мана, ҳатто “оддий” деб ҳисобланган ҳаракатлар ҳам тақиқланган ўша мамлакатлар…
Германияда эшик қўнғироғини қайта-қайта босиш оддий ҳолат ҳисобланмайди. Бу Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги қонун доирасида қасддан шовқин қилиб, бошқаларни безовта қилиш сифатида баҳоланиши мумкин ва жарима миқдори 5 минг еврогача етиши мумкин.
Қўнғироқни бир неча бор босиш ёки қисқа танаффуслар билан тинимсиз чалиш, айниқса тунги вақтда жиддий қоидабузарлик деб кўрилади. Кеч соатлардаги бундай ҳолат маъмурий жаримага сабаб бўлади.
Шикоят қилган ватандош вазиятни исботлаб бериши керак. Видеокузатув ёзувлари ёки гувоҳларнинг кўрсатмалари далил сифатида тақдим этилиши мумкин. Бироқ хавфсизлик камералари фақат қонун билан белгиланган ҳудудларни тасвирга олиши шарт қилиб қўйилган.
Одоб-ахлоқ қоидаларига кўра, Германияда якшанба-пайшанба кунлари соат 20:00 дан кейин, жума ва шанба кунлари эса 21:00 дан кейин қўшнининг эшигини тақиллатиш мақсадга мувофиқ эмас. Эрталаблари эса, айниқса дам олиш ва байрам кунларида соат 10:00 дан олдин қўнғироқ чалиш қўполлик ҳисобланади.
Эрта туришга мажбур бўлган ёки сменада ишлайдиган кишиларни эса 18:00 дан кейин безовта қилмаслик кераклиги айтилади. Эшикни тақиллатишдан олдин уйда чироқ ёниқлиги ёки дераза пардалари (жалюзи) ҳолатига қараш тавсия этилади. Ҳатто баъзи немис мутасаддилари фавқулодда ҳолатлардан ташқари, кеч соатларда чалинган эшикни очмаслик кераклигини таъкидлаганлар.
Қатъий қоидалари билан танилган яна бир давлат — Сингапурдир. Мамлакатда сақич чайнаш тақиқланган. Ерга чиқинди ташлаш учун жарима минг долларгача бориши мумкин. Жамоат жойларида тупуриш, белгиланмаган жойда сигарет чекиш ва умумий ҳожатхоналарда сув сепмасдан (сифонни босмасдан) чиқиб кетиш жаримага олиб келади.
Лифт ичига сийишнинг олдини олиш учун махсус сенсор тизими ўрнатилган. Агар сенсор ишга тушса, лифт эшиклари блокланади ва қоидабузар ушланади.