- 2018-10-06
Мексика Мудофаа вазирлиги якшанба куни ўтказилган ҳарбий операция давомида кучли
“Халиско — Янги авлод” картели етакчиси, “Эль Менчо” лақаби билан танилган Немесио Осегера Сервантес ўлдирилганини маълум қилди. Бунга жавобан картель аъзолари Халиско штатида ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида тартибсизликлар уюштирдилар.
Ҳарбийларнинг маълумотига кўра, картель қуролли қаршилик кўрсатган.
“Жавоб ўти натижасида бир нечта жангари йўқ қилинди. Рубен “Н” (Осегера) оғир жароҳат олди ва авиаташиш вақтида, расмий шахси аниқлангунга қадар жон берди. Икки киши қўлга олинди, ракета қурилмаларини ўз ичига олган оғир қуроллар мусодара қилинди. Уч нафар аскар яраланди. Операция АҚШ расмийлари билан ҳамкорликда Мексика махсус хизматлари томонидан қўллаб-қувватланди. Халискога қўшимча кучлар юборилди”, дейилади вазирлик хабарида.
Ҳарбийлар баёнотидан сўнг Халиско штатида зўравонлик тўлқини бошланди ва бошқа ҳудудларга ҳам тарқалди. Пуэрто-Вальярта курортида картель аъзолари ҳарбийларга халақит бериш учун автомобилларни ёқиб юборди ва йўлларни тўсиб қўйди. Гвадалахара халқаро аэропортига қуролланган шахслар бостириб киргач, йўловчилар орасида ваҳима бошланди. Шунингдек, жангарилар савдо марказидаги одамларни ҳайдаб чиқариб, бинога ўт қўйганлар.
АҚШ Давлат департаменти саёҳат қилаётган америкаликлар учун огоҳлантириш чиқариб, Халиско, Тамаулипас ва Мичоакан штатларида хавфсизлик операциялари ва жиноий фаоллик сабабли уйдан чиқмасликка чақирди.
Осегера — собиқ полициячи бўлиб, Мексиканинг энг шафқатсиз жиноий гуруҳларидан бирини бошқарган. Эслатиб ўтамиз, 2025 йил февраль ойида президент Трамп Мексика расмийларини жиноий ташкилотлар билан тил бириктиришда айблаб, Мексика товарларига қўшимча божлар жорий этган ва фентанил контрандасига қарши курашни кучайтиришни талаб қилган эди.