Покистон Афғонистонга уруш эълон қилди


  • 27 Февраль, 2026
  • 14

2025 йилнинг октябрь ойида Туркия воситачилигида якунланган Афғонистон ва Покистон ўртасидаги тўқнашув кеча яна аланга олди. Афғонистон ҳаво операцияларини сабаб қилиб кўрсатиб, Покистоннинг чегара бўйидаги ҳарбий нуқталарига зарба берди. Покистон Мудофаа вазирлиги эса: “Энди сабримиз косаси тўлди. Афғонистон билан очиқ урушга кирдик”, — дея баёнот берди.

Афғонистон ва Покистон ўртасидаги тўқнашувлар 2025 йил октябрида Туркиянинг воситачилиги билан тўхтаган эди. Бироқ икки давлат ўртасидаги кескинлик қайтадан авж олди.

Покистон Ахборот вазири Аттаулла Тарар ижтимоий тармоқдаги саҳифасида қилган баёнотида, операцияларда афғон томонидан 133 киши ҳалок бўлганини, 200 дан ортиқ киши эса яраланганини иддао қилди. Тарар Қобул, Пактия ва Қандаҳордаги баъзи нишонлар урилганини ва қурбонлар сони ортиши мумкинлигини қайд этди.

Операцияларда 27 та позиция йўқ қилинганини ва 9 та нуқта эгаллаб олинганини таъкидлаган Тарар, иккита корпус ва учта бригада қароргоҳи билан бирга кўплаб истеҳкомлар ҳамда 80 дан ортиқ техника ва қурол-яроғ йўқ қилинганини маълум қилди.

Покистон Мудофаа вазири Хважа Муҳаммад Осиф эса ижтимоий тармоқдаги постида қуйидаги фикрларни билдирди:

“НАТО кучлари чиқиб кетганидан сўнг Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши ва Толибон афғон халқининг манфаатларига ҳамда минтақавий барқарорликка эътибор қаратиши кутилган эди. Бироқ Толибон Афғонистонни Ҳиндистоннинг мустамлакасига айлантириб қўйди.”

Покистон вазиятни “нормал сақлаб туриш” учун дипломатия олиб борганини билдирган Осиф, эндиликда сабрлари тугаганини урғулаб: “Орамизда очиқ уруш бор”, деган ибораларни ишлатди. Покистон Ички ишлар вазири Муҳсин Нақви ҳам Афғонистоннинг ҳужумларини қоралади.

“Tolo News” хабарига кўра, Афғонистон маъмурияти матбуот котиби ўринбосари Ҳамдулло Фитрат жавоб операцияларида 55 нафар Покистон аскари ўлдирилганини, 23 аскарнинг жасади ва кўплаб қуроллар қўлга олинганини даъво қилди. Фитрат Покистон армиясига қарашли битта қароргоҳ ва 19 та назорат пункти эгаллаб олинганини иддао қилди.

Афғонистон маъмурияти вакили Забиҳулло Мужоҳид Дуранд чизиғи бўйлаб Покистон ҳарбий объектларига қарши кенг кўламли операциялар бошланганини билдирган эди. Покистон Ахборот вазири Аттаулла Тарар ҳам Афғонистоннинг ҳужумларига жавоб қайтариш давом эттирилишини таъкидлади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош котиби Антониу Гутерриш номидан ёзма баёнот берилди. Унда шундай дейилган: “Бош котиб Афғонистондаги амалдаги хавфсизлик кучлари ва Покистон хавфсизлик кучлари ўртасидаги чегара олди тўқнашувлари ҳақидаги хабарларни хавотир билан кузатмоқда.”

Бош котиб тегишли томонларни халқаро ҳуқуқ доирасидаги мажбуриятларига амал қилишга ва ватандошлар ҳимоясини таъминлашга чақирган. Шунингдек, томонларни мавжуд муаммоларни дипломатия йўли билан ҳал қилишга чорлаган.

Аввалроқ Покистон Ички ишлар давлат вазири Талал Чаудҳри чегара бўйлаб ўтказилган амалиётларда 70 га яқин террорчи йўқ қилинганини айтган эди. Афғонистон томони эса Покистоннинг ҳужуми натижасида 18 киши ҳаётдан кўз юмганини билдирди. Афғонистон маъмурияти Покистоннинг Қобулдаги элчисини Ташқи ишлар вазирлигига чақиртириб, унга протест нотасини топширди.


Бошқа мақолалар