Ака-укалар учун 10 миллион доллар мукофот қўйилди


  • 27 Февраль, 2026
  • 11

Мексика армияси томонидан ўтказилган операция натижасида “Халиско — Янги авлод” картели (CJNG) етакчиси Немесио “Эль Менчо” Осегера Сервантес ўлдирилганидан сўнг, минтақадаги картелларга қарши кескин чоралар кўрилишда давом этмоқда. Мексика ҳукуматига гиёҳвандликка қарши курашда ёрдам беришини маълум қилган АҚШ, Синалоа картели раҳбарларидан бўлган икки ака-ука наркобароннинг боши учун жами 10 миллион доллар мукофот эълон қилди.

АҚШ Давлат департаменти дунёдаги энг кучли ва шафқатсиз гиёҳванд моддалар контрандаси тармоқларидан бири бўлган Синалоа картелининг етакчи шахслари — Рене Арзате-Гарсия ва Альфонсо Арзате-Гарсия ака-укаларининг ҳар бири учун 5 миллион доллардан мукофот қўйилганини билдирди.

Давлат департаменти томонидан эълон қилинган баёнотда шундай дейилади: “Синалоа картелининг Тихуана ҳудуди бошқарувчилари экани айтилган “Ла Рана” лақабли Рене Арзате-Гарсия ва унинг акаси “Ахиллес” лақабли Альфонсо Арзате-Гарсиянинг исталган давлатда қўлга олинишига ва/ёки судланишига олиб келадиган маълумот учун 5 миллион долларгача мукофот берилади.”

АҚШнинг Гиёҳвандликка қарши кураш бошқармаси (DEA) маълумотларига кўра, ака-ука Арзате-Гарсиялар сўнгги 15 йил давомида АҚШ ва Мексика чегарасида жойлашган ҳамда Калифорнияга очиладиган дарвоза деб ҳисобланувчи Тихуана ҳудудини биргаликда назорат қилиб келмоқдалар.

Давлат департаменти ўз баёнотида: “Давом этаётган тўқнашувларга қарамай, бу муҳим контрабанда йўлагини бошқаришда давом этаётган ака-укалар картель фаолиятининг давомийлигини таъминлашда, жумладан, Трамп маъмурияти томонидан қирғин қуроли сифатида таърифланган ўта хавфли ва ноқонуний фентанил моддасини АҚШга жўнатишда асосий шахслардир. Трамп маъмурияти ўтган йили Синалоа картелини ҳам Хорижий террорчи ташкилот (FTO), ҳам Махсус белгиланган глобал террорчилар (SDGT) рўйхатига киритган эди”, — деб таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Мексика федерал хавфсизлик кучлари томонидан Халиско штати маркази Гвадалахара шаҳридан тахминан 130 километр жанубдаги Тапалпа шаҳарчасида ўтказилган ҳарбий операция давомида CJNG раҳбари Эль Менчо ўлдирилган эди. Ушбу операциядан сўнг жиноий гуруҳнинг эҳтимолий қасоси сифатида Халиско ва мамлакатнинг бошқа бир қанча штатларида кўплаб йўлларни тўсиш, автомобиллар ва иш жойларига ўт қўйиш ҳолатлари юз берди.

Халиско штати ҳукумати ватандошлардан уйларида қолишни сўраб, жамоат транспорти ҳаракатини тўхтатди ва жамият хавфсизлигига таҳдид солувчи воқеалар туфайли “қизил хавф” ҳолатини жорий қилди. Кенг кўламли зўравонликлар мамлакатнинг кўплаб штатларида кучайиб бормоқда. Эль Менчо ўлдирилганидан кейин бошланган тартибсизликларда 73 киши ҳалок бўлди, улардан 25 нафари хавфсизлик ходимларидир.


Бошқа мақолалар