Қувайтда АҚШнинг F-15 қирувчи самолёти уриб туширилди


  • 2 Март, 2026
  • 9

АҚШнинг Эронга қарши ҳужумларида қўлланилаётган F-15 қирувчи самолёти эрталаб Қувайт осмонида уриб туширилди. Учувчи катапульта тизимидан фойдаланиб, самолётдан сакраб омон қолди.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга нисбатан ҳужумлари давом этаётган бир пайтда, Эрон ҳам Исроил билан бирга Кўрфаз давлатларидаги АҚШ базаларига зарба беришда давом этмоқда. Минтақада ўзаро қасос ҳужумлари кетаётган бир вақтда Қувайт кенгликларида АҚШга тегишли F-15 уриб туширилди.

Ижтимоий тармоқларда тез фурсатда тарқалган видеотасвирларда урилган самолётнинг қулаши ва учувчининг ўриндиқни мажбурий отиш тизими орқали самолётни тарк этиши камераларга муҳрланган. Самолётдан сакраб омон қолган учувчи ҳудуддаги қувайтлик ватандошлар томонидан автомобилнинг юкхонасига жойланиб, воқеа жойидан узоқлаштирилган.

Самолёт “дўстона ўт очиш” (хатолик туфайли ўз иттифоқчилари томонидан урилиш) қурбони бўлгани ва учувчи соғ-омон қолгани тахмин қилинмоқда. Расмий идоралар ҳозирча ҳолат юзасидан ҳеч қандай баёнот бермади.

Исроил ва АҚШ, Теҳрон ҳамда Вашингтон маъмуриятлари ўртасида музокаралар давом этаётган бир пайтда, 28 февраль куни Эронга ҳарбий ҳужум бошлаган эди. Эрон ҳам Исроилдан ташқари, АҚШ базалари жойлашган Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайн каби баъзи минтақа давлатларидаги белгиланган нишонларга зарбалар билан жавоб қайтарди.

АҚШ ва Исроил ҳужумларида Эрон етакчиси Оятуллоҳ Али Хоманаий билан бирга кўплаб юқори мартабали мулозимлар ҳалок бўлди. Эрон Қизил яримой жамияти мамлакатга қилинган бомбардимонларда 201 киши ҳаётдан кўз юмганини, 747 киши эса яраланганини маълум қилди.


Бошқа мақолалар