Шимолий Корея Хитой билан қайта боғланди


  • 13 Март, 2026
  • 13

Икки давлат ўртасида 2020 йилда тўхтатилганидан бери Шимолий Кореядан Хитойга биринчи йўловчи поезди қатнови амалга оширилди. Шу тариқа, темир йўл тармоғида 6 йиллик танаффусдан сўнг илк бор йўловчи ташиш йўлга қўйилди.

Шимолий Корея пойтахти Пхеняндан йўлга чиққан йўловчи поезди бугун эрталаб Хитой пойтахти Пекинга етиб келди.

“Yonhap” агентлигининг хабарига кўра, кеча маҳаллий вақт билан соат 10:26 да Пхеняндан йўлга чиққан поезд 22 соат 14 дақиқа давом этган сафардан сўнг, бугун маҳаллий вақт билан соат 08:40 да Пекинга етиб борди.

Олдинги куни Пекиндан йўлга чиққан поезд ҳам кеча оқшом соатларида Пхенянга етиб борган эди. Шу тариқа, темир йўл тармоғида 6 йилдан кейин илк бор ўзаро йўловчи қатнови тикланди.

Хитой темир йўллари компанияси шу ҳафта бошида COVID-19 пандемияси туфайли 2020 йилда тўхтатилган Шимолий Кореяга йўловчи поездлари қатнови қайта бошланишини эълон қилган эди. Баёнотда поезд қатнови ҳафтада 4 кун — душанба, чоршанба, пайшанба ва шанба кунлари амалга оширилиши билдирилди.

Ҳозирча фақат дипломатлар ва ишчи визаси билан саёҳат қилувчилар учун очиқ бўлган ушбу поезд қатновида, келгусида бўш жойлар бўлса, бошқа йўловчилар учун ҳам чипта сотилиши мумкинлиги айтилди.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Го Сякун Пекинда ўтказилган матбуот анжуманида икки давлат ўртасидаги поезд қатнови халқларнинг ўзаро алоқаси жиҳатидан муҳим эканини таъкидлади. У Хитой тегишли муассасаларнинг бу борадаги мулоқотни давом эттиришини ва одамларнинг алоқа ўрнатиши учун қулай шароит яратилишини қўллаб-қувватлашини ифода этди.

Пекин-Пхенян халқаро темир йўл йўналишидаги қатновлар COVID-19 пандемияси бошланганидан сўнг Шимолий Кореянинг чегараларини ёпиб қўйиши сабабли тўхтатилган эди.


Бошқа мақолалар