Илк суперсоник қирувчи самолётлар намойиш этилди


  • 26 Март, 2026
  • 10

Бразилияда ишлаб чиқарилган илк суперсоник (товуш тезлигидан юқори учувчи) қирувчи самолёт – F-39E Gripen тақдимоти ўтказилди. Маросимда иштирок этган Давлат раҳбари Луис Инасиу Лула да Силва ушбу самолёт тарихий муваффақият эканини алоҳида таъкидлади.

Швециянинг “Saab” авиасозлик компанияси ва Бразилиянинг “Embraer” компанияси ўртасидаги стратегик шериклик маҳсулоти бўлган F-39E Gripen қирувчи самолётининг тақдимоти Сан-Паулу штатидаги Гавиан-Пейшоту ҳудудида ташкил этилган маросим билан бўлиб ўтди.

Маросимда сўзга чиққан Лула да Силва бунинг тарихий ютуқ эканини қайд этиб, шундай деди:

“Бу муваффақият Бразилия суверенитетини мустаҳкамлаш билан бирга, илғор технологияларни эгаллаш салоҳиятимизни намойиш этади, билим, иш ўринлари ва тараққиётни вужудга келтиради.”

Лула да Силва самолётнинг Бразилияда ишлаб чиқарилиши технологиялар трансфери, миллий саноатни кучайтириш ва юқори малакали ишчи кучини тайёрлашни ўз ичига олган стратегик лойиҳа натижаси эканини билдирди.

Мудофаа вазири Хосе Мусио Монтейро ҳам қирувчи самолётнинг маҳаллий ишлаб чиқарилишига эътибор қаратиб: “Ушбу лойиҳа миллий суверенитетимизни ва минтақавий хавфсизликни кафолатлаш қобилиятимизни ошириш билан бирга, тийиб турувчи кучимизни ҳам мустаҳкамлайди”, дея таъкидлади.

Миллий матбуотда тарқатилган хабарларга кўра, Бразилия Ҳаво кучлари 2014 йилда жами 36 та Gripen қирувчи самолётини сотиб олиш бўйича “Saab” компанияси билан шартнома имзолаган эди. Келишувга кўра, ушбу самолётларнинг 15 таси “Embraer” компаниясининг Бразилиядаги корхоналарида маҳаллий имкониятлар билан ишлаб чиқарилиши белгиланган.

F-39E Gripen модели Mach 2 (товуш тезлигидан 2 баравар юқори) тезлигига чиқа оладиган суперсоник имконияти, илғор сенсорли фузия ва электрон уруш тизимлари билан жиҳозланган рақамли кокпити туфайли “ақлли жангчи” сифатида ажралиб туради. У ҳаво-ҳаво, ҳаво-ер ва разведка вазифаларини бир вақтнинг ўзида бажара оладиган кўп қиррали тузилиши билан диққатни тортмоқда.

Шунингдек, самолётнинг рақибларига қараганда техник хизмат кўрсатиш ва парвоз харажатлари пастроқ экани, кенг географияга эга давлатлар учун муҳим оператив устунлик беради.


Бошқа мақолалар