- 2015-03-13
Покистон пойтахти Исломободда бўлиб ўтган АҚШ ва Эрон музокаралари натижа бермади.
Томонлар 21 соатдан кейин стол атрофини тарк этдилар. АҚШ ҳайъати Эрон билан келишиб бўлмаганини эълон қилди ва Вашингтонга қараб йўлга чиқди. АҚШ шартларни “етарлича” юмшатганини даъво қилса-да, Эрон буни қабул қилмаганини билдирди...
Эрон ОАВларида тарқатилган хабарларга кўра эса, музокараларда умумий асос ва келишувга эришиб бўлмаганига АҚШнинг ҳаддан ташқари юқори талаблари сабаб бўлган. Бундан ташқари, Трамп Ҳурмуз бўғозидан ўтиш учун ҳақ тўлаганлар ҳам “хавфсизликда бўлмаслигини” айтди. Исроил эса Ливанга ҳужумларини тўхтатгани йўқ.
АҚШ Президенти Дональд Трамп сўнгги баёнотларига янгиларини қўшиб: “Эронликлар музокара столидан туриб кетгани йўқ”, деди. АҚШ хоҳлаган ҳамма нарсани беришларини иддао қилган Трамп: “Кўрфаздаги иттифоқчиларимиз Ҳурмуз бўғози масаласида ёрдам беришни бошлаб юборишди”, деган даъвони илгари сурди. “Эрон цивилизациясини йўқ қилиш манифести эронлик музокарачиларни стол атрофига олиб келди”, деган Трамп, кеча АҚШнинг 2 та эсминец кемаси Ҳурмуз бўғозидан ўтганини ва ҳужумга учрамаганини таъкидлади...
АҚШ раҳбари: “Эрон ҳам Венесуэланинг бошига тушганларни кўради”, дея янги таҳдидини ҳам қилди. Шунингдек: “Эроннинг истаган кишисига нефть сотиб, фойда олишига изн бермаймиз; ё ҳаммаси бўлади, ёки ҳеч нарса – ишлар шундай давом этади”, деди.
Трамп кеча кечқурун Fox News каналига интервью берди. Эрон ядровий қуроллардан воз кечмаганини айтди. “Бу истакни қабул қилишмади”, деди ва шундай қўшимча қилди: “Эрон ядровий орзуларидан воз кечиш ниятида эмас! Кўп жиҳатдан, келишилган моддалар ҳарбий «операцияларимизни охиригача давом эттиришимиздан кўра яхшироқ; бироқ ядровий кучнинг бу қадар беқарор, мураккаб ва олдиндан айтиб бўлмайдиган одамлар қўлида бўлишига йўл қўйилиши билан қиёслаганда, бу моддаларнинг ҳеч бири аҳамиятга эга эмас. Уч вакилим шунча вақт давомида, табиийки, Эрон вакиллари Муҳаммад Бақир Ғолибаф, Аббос Арақчи ва Али Бақирий билан анча дўстона ва ҳурматга асосланган алоқа ўрнатдилар; лекин бунинг аҳамияти йўқ, чунки энг муҳим бўлган ягона масалада жуда қатъий турдилар ва йиллар олдин, энг бошидан бери айтганимдек: Эрон асло ядровий қуролга эга бўлолмайди!”
Музокаралар шу ерда тиқилиб қолди. АҚШ Исроилга “ядровий қуролга эга бўлма” дея олмаяпти, лекин буни Эронга айтмоқда!
Бошқа томондан, АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари Дональд Трампнинг таъкидлашича, Ҳурмуз бўғозига кириб-чиқишга уринаётган “ҳар қандай кемани қамал остига олиш жараёнини” бошлайди...
Балки АҚШ ва Эрон келишиб олишар. Муайян масалаларда муросага келишлари мумкин. Аммо; Исроилни ким тўхтатади? Исроил доимий равишда Ливанни урмоқда. Эронга тўхтовсиз ҳужумлар уюштирмоқда. Ҳамма ярашган тақдирда ҳам Исроил тўхтамайди. Тўхтамаяпти ҳам...
Эроннинг қўлидаги куч чекланган. АҚШ ва Исроилнинг ишлаб чиқариш қуввати жуда катта. Исроил 2023 йил 7 октябридан бери Ғазога ҳужум қилмоқда. 3 йил давомида қурол-яроғ борасида ҳеч қандай танқисликка учрамади. Россия озроқ ёрдам бермоқда, лекин унинг ҳам Украинада муаммолари бор. Хитой бўлаётган воқеаларга унчалик аралашмаяпти.
CNN International телеканалининг разведка манбаларига таяниб берган хабарига кўра, Пекин раҳбарияти Эронга ҳаво мудофаа тизимларини юборишга тайёрланаётгани иддао қилинди. Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси бу иддаоларни қатъиян рад этди.
Ҳар нарсага қарамай, асосий савол: Исроилни ким тўхтатади? Исроил тўхтамас экан, Ўрта Шарқда муаммо ва беқарорлик тугамайди!..