Испанияда иккита юқори тезликдаги поезд рельсдан чиқиб кетди


  • 19 Январь, 2026
  • 22

Испанияда иккита юқори тезликдаги поезднинг рельсдан чиқиб кетиши оқибатида 21 киши ҳалок бўлди. Яна 100 га яқин киши тан жароҳати олди, улардан 30 нафарининг аҳволи оғир. Бу ҳақда душанбага ўтар кечаси, 19 январь куни Испания Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.

Фожиа 18 январь оқшомида Испаниянинг Кордова провинциясида юз берди. Малагадан Мадридга йўл олган “Iryo” компаниясининг поезди рельсдан чиқиб кетиб, қўшни йўлга ўтиб қолган ва у ерда Уэльвага қараб кетаётган қарама-қарши таркиб билан тўқнашган.

Ҳодиса сабаблари ҳозирча номаълум. Испания ОАВларининг маълумотларига кўра, иккита поездда жами 400 нафар йўловчи бўлган.

Испания Бош вазири Педро Санчес вазиятни диққат билан кузатиб бораётганини билдирди. Шунингдек, Испания қироллик оиласи ҳам ҳамдардлик изҳор этди.

Фожиа жойида қутқарувчилар ишлашда давом этмоқда, улар поезд вагонлари ичидан омон қолган йўловчиларни қидиришмоқда. Маҳаллий телевидениега берган изоҳларида улар тўқнашув пайтида асосий зарба тушган вагонларда қанча одам омон қолганини ҳозирча баҳолай олмасликларини қайд этишди.

Минтақавий аҳоли муҳофазаси хизмати раҳбари Мария Белен Моя Рохас “Canal Sur” телеканалига берган маълумотида бахтсиз ҳодиса бориш қийин бўлган ҳудудда содир бўлганини айтди. Унинг сўзларига кўра, маҳаллий аҳоли жабрланганларга ёрдам бериш учун воқеа жойига кўрпа-тўшак ва сув олиб келишган.


Бошқа мақолалар