- 2025-11-03
Арманистон бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғ бўйича баёнот билан чиқди.
“Ерларни йўқотдик, дейишади. Лекин қандай қилиб бу ерлар бизники бўлган? Қанақасига улар бизники эди? Илтимос, тушунтириб беринг: улар қандай қилиб бизники бўлган?!” – дея баёнот берди Пашинян.
Унинг сўзларига кўра, ҳудудлар улардан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланган “бир неча генераллар назорати остида” бўлган.
“Мен ҳалок бўлганларнинг ортидан гапиришни истамайман, лекин келинг, шундай дейлик: у ерлар бир неча генераллар назоратида эди, улар, масалан, у ерга буғдой экардилар, шундай эмасми?” – деб таъкидлади у.
Пашинян, шунингдек, ушбу ҳудудларда тўлақонли ривожланиш ишлари олиб борилмаганини айтди.
“У ерда мактаб қурдикми? Боғча қурдикми? Заводми? У ерда яшадикми? Аҳоли пункти ташкил қилдикми?... У ерларнинг бизники экани нимада ифодаланган эди?” – деди Арманистон бош вазири.
Сўзининг якунида у яна бир бор урғу берди: “Улар бизники эмас эди. Улар бизники бўлмаган”.
Аввалроқ Сюник вилоятидаги сайловчилар билан учрашув чоғида Пашинян 1988 йилда бошланган Тоғли Қорабоғни Арманистонга қўшиб олиш ҳаракати мудҳиш хато бўлганини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, 1990-йиллардаги Қорабоғ можаросида арман томонининг ғалабаси ҳақида кўп гапирилади.
“Аммо ғолиб бўлган Арманистонда фаровонлик, озодлик, эркин ирода ифодаси бормиди?” – дея савол ташлади Пашинян.
Тоғли Қорабоғ бундан 36 йил аввал Озарбайжон ССР таркибидан чиқишини бир томонлама эълон қилган эди. СССР парчаланганидан ва Озарбайжон билан қуролли можародан (1992–1994 йиллар) сўнг, минтақа кўп йиллар давомида арманлар яшайдиган тан олинмаган республика сифатида мавжуд бўлди.
2020 йил сентябрь ойида у ерда ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланди. Арман томони Тоғли Қорабоғ атрофидаги барча туманларни ва собиқ иттифоқ даврида Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти таркибига кирган бир қанча ҳудудларни бой берди.
Минтақадаги иккинчи урушдан қарийб уч йил ўтиб, 19 сентябрь куни Боку Қорабоғда бир кун давом этган ҳарбий операцияни бошлади. Натижада Озарбайжон президенти Илҳом Алиев мамлакат ўз ҳудудий яхлитлигини тиклаганини эълон қилди, минтақанинг де-факто ҳукумати эса 2024 йил 1 январдан бошлаб тан олинмаган республика “ўз-ўзини тарқатиб юбориши” ҳақида баёнот берди.