Покистонда портловчи модда ортилган автомобиль поездга бориб урилди


  • 25 Май, 2026
  • 13

Покистоннинг жануби-ғарбий Белужистон провинциясида портловчи моддалар билан тўлдирилган автомобиль ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари бўлган поездга бориб урилди. 20 дан ортиқ киши ҳалок бўлди, камида 50 киши жароҳатланди.

Маҳаллий ҳокимият органларининг маълумотларига кўра, йўловчи поезди ўтаётган лаҳзада портловчи модда тўлдирилган автомобилдаги террорчи-худкуш уни келиб урган. Кучли портлаш оқибатида иккита вагон ағдарилиб, ёниб кетган. Портлаш, шунингдек, яқин атрофдаги биноларга шикаст етказган ва йўл ёқасида тўхтаб турган ўндан ортиқ автомобилни вайрон қилган.

Белужистон – Эрон тоғлигининг шарқида жойлашган, аҳолиси сийрак минтақадир. Бу ердаги низо ҳали 1948 йилда, Буюк Британия минтақадан чиқиб кетиши натижасида асосий ролни панжобликлар ўйнайдиган Покистон давлати ташкил топган вақтда бошланган эди. Белужлар ўз давлатига эга бўлмадилар. Ўшандан бери сепаратистик гуруҳлар Белужистоннинг мустақиллиги учун курашиб келмоқдалар. “Белужистон озодлик армияси” (BLA) – энг йирик гуруҳлардан бири бўлиб, у Покистонда тақиқланган ва АҚШ томонидан террорчилик ташкилоти деб тан олинган. Унинг вакиллари бир неча бор тинч аҳоли объектларига, шунингдек, ҳукумат ходимлари ва ҳарбийларга ҳужумлар уюштирган.

Белужистондаги бундан аввалги маълум бўлган ҳужумлар серияси 31 январда содир бўлган эди. Ўшанда, Покистон расмийларининг маълумотларига кўра, хавфсизлик кучларининг камида ўн нафар ходими ва 11 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган. Тахминан ўнта локацияда, жумладан, қаттиқ тартибли қамоқхона, полиция маҳкамалари, ҳарбий ва аҳоли маъмурияти объектларига қилинган ҳужумлар учун масъулиятни BLA сепаратистлари ўз зиммаларига олган эди.

Ўтган йилнинг охирида Покистон пойтахтида террорчи-худкуш суд биноси яқинида ўзини портлатиб юборган эди. Натижада 12 киши ҳалок бўлган, 27 киши жароҳатланган эди. Покистон бош вазири терактни ташкиллаштиришда Ҳиндистонни айблаган эди.


Бошқа мақолалар