- 2024-06-15
Шимолий Ирландиянинг пойтахти Белфаст шаҳрида муҳожирларга қарши норозилик намойишлари
иккинчи кечада зўравонлик тусини олди. Уйлар, автомобиллар ва иш жойларига ўт қўйилган бир пайтда, орасида икки ойлик чақалоқ ҳам бўлган 27 киши ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди.
Шимолий Ирландиянинг пойтахти Белфаст шаҳрида муҳожирларга қарши қаратилган намойишлар иккинчи кечада ҳам шиддатли тўқнашувларга саҳна бўлди. Норозилик намойишлари айрим ҳудудларда кўча жангларига айланиб кетгани сабабли полиция ва исёнчилар юзма-юз келдилар. Чиққан ёнғинлар ва уйларга қилинган ҳужумлар туфайли, орасида икки ойлик гўдак ҳам бўлган 27 нафар инсон ўз хонадонларидан қочиб чиқишга мажбур бўлди.
Шимолий Ирландияни оёққа турғазган ушбу тартибсизликлар Стивен Огилви исмли 44 ёшли Миллий соғлиқни сақлаш тизими ходимининг кўча ўртасида пичоқли ҳужумга учраши билан бошланди. 30 ёшли суданлик бошпана изловчи Ҳади Алодид, гувоҳларнинг “Қурбоннинг бошини кесиб ташламоқчи бўляпти” деган чинқирликлари остида Огилвининг юзи, бўйни ва орқа қисмига қайта-қайта пичоқ урди.
Оғир жароҳат олган ва чап кўзидан маҳрум бўлган Огилвининг шифохонадаги муолажалари давом этмоқда. Ҳужумчи Алодид эса “қотилликка уриниш” айблови билан ҳибсга олиниб, қамоқхонага жўнатилди.
Ҳужумдан сўнг кўчаларга ёпирилган, юзларига ниқоб таққан ва қора кийинган юзлаб маҳаллий ёшлар, муҳожирларга тегишли деб ҳисоблаган уйлар, транспорт воситалари ва шаҳар автобусларига ўт қўйдилар. Белфастнинг Окли ва Крамлин кўчалари аланга ичида қолган бўлса, исёнчиларнинг нишонида Ўрта Шарқдан келганларга тегишли бўлган супермаркет ва бир турк сартарошхонаси ҳам бор эди.
Лордлар палатасида нутқ сўзлаган вазир баронесса Андерсон ниқобли ҳужумчилар уйма-уй юриб, хорижлик оилаларни овлашга уринаётганини ва уйларини ёқиб, одамларни кўчаларга ҳайдаб чиқараётганини тан олди.
Ушбу ҳудудда яшовчи, Конго Демократик Республикасидан келган уч фарзанднинг отаси Ансельме Шима: “10 йилдан бери шу кўчада яшайман, аммо ўтган кеча даҳшатли бўлди. Фарзандларим ваҳима ичида йиғлаётганда биз деразаларни ёпиб, фақат дуо қила олдик. Навбатдаги уй меники бўладими-йўқми билмайман, жуда қўрқяпман” деди.
Зўравонлик ҳаракатлари қисқа вақт ичида Портадаун, Каррикфергус ва Ньютаунабби каби бошқа ҳудудларга ҳам тарқалди. Ньютаунаббида йўлак тошларини болғалар билан синдириб полицияга отган ниқобли безорилар, ҳуқуқ-тартибот кучларига молотов коктейллари билан “ваҳшиёна” ҳужум уюштирдилар. Тўқнашувларда кўплаб полиция ходимлари жароҳатланди, Портадаун ҳудудида эса ниқобли бир исёнчининг полицияга молотов коктейли отмоқчи бўлаётганда тасодифан ўз курткасини ёқиб юборгани ва олов ичида қочиб кетган лаҳзалари камераларга муҳрланди.
Тобора ортиб бораётган тартибсизликлар туфайли Белфаст гўё карантин ҳолатига келтирилди. Янги норозилик тўлқинлари бошланишидан аввал шаҳардаги дўконлар ва мактаблар вақтлироқ ёпилди; “Deliveroo” каби таом етказиб бериш ширкатлари ўз хизматларини тўхтатди. Транспорт тармоғи бутунлай фалаж бўлиб, поезд ва автобус қатновлари бекор қилинди.
Шимолий Ирландия полиция бошлиғи Жон Бутчер тартибсизликлар мамлакатни аянчли тарзда орқага қайтарганини таъкидлаб, Буюк Британия бўйлаб юзлаб қўшимча махсус полиция кучлари Белфаст кўчаларига сафарбар этилганини маълум қилди. Полиция ғазабланган оломонни тарқатиш учун кўчаларда сув пуркагич ва овозли бомбалардан фойдаланишни бошлади.
Англия бош вазири Кир Стармер Белфастда юз берган воқеаларни мутлақо қабул қилиб бўлмас деб баҳолаб: “Инсонларнинг келиб чиқиши туфайли нишонга олинаётгани аниқ ва мен бунга тоқат қилмайман. Айбдорлар қонуннинг бутун оғирлигини ҳис қилишади” деди. Шимолий Ирландия ишлари бўйича вазир Ҳилари Бенн эса бўлаётган воқеаларни “ирқчилик безорилиги ва соф ёвузлик” деб таърифлаб, инсонларнинг терисининг ранги туфайли кўчаларда тўхтатилиб, миллати сўроқ қилинаётгани даҳшатли эканини қайд этди.
Пичоқланган қурбон Стивен Огилвининг оиласи ҳам баёнот бериб, ушбу мудҳиш фожиадан ирқчилик адоватини алангалатиш мақсадида фойдаланилаётганидан “нафратланишларини” билдирдилар.