- 2024-04-23
Италиянинг Сицилия ороли соҳиллари яқинида тахминан 2300 йиллик, Рим даврига оид кема қолдиқлари топилди.
Чўккан кемадаги юзлаб амфораларнинг яхши сақланиб қолгани билдирилди.
Италиянинг Сицилия ороли очиқ денгиз ҳудудида 2 минг йилдан зиёд тарихга эга, Рим даврига тегишли кема қолдиғи топилди.
BBC хабарига кўра, ушбу кашфиёт балиқчилар ҳудудда пайқаб қолган ҳолатни мутасаддиларга хабар қилиши билан бошланди. Иттило олингач, Италия полиция тизимида хизмат қилувчи мутахассис ғаввослар Сицилия қирғоқлари яқинида қидирув-тадқиқот ишларини ўтказдилар.
Тахминан 46 метр чуқурликда амалга оширилган шўнғиш давомида Рим даврига оид экани тахмин қилинган кема қолдиғига етиб борилди. Кеманинг узунлиги тахминан 21 метр, кенглиги эса 6 метр экани аниқланди.
Кема қолдиқлари орасида озиқ-овқат маҳсулотларини ташишда фойдаланилган юзлаб амфоралар (кўзалар) борлиги ва ушбу идишларнинг салмоқли қисми жуда яхши сақлангани маълум бўлди.
Италия Маданият вазирлиги томонидан берилган баёнотда кема қолдиқлари милоддан аввалги II ёки I асрга тегишли деб баҳоланаётгани маълум қилинди.
Италия Маданият вазири Алессандро Жули (Alessandro Giuli) эса ушбу топилмани “сўнгги йиллардаги энг муҳим сув ости археологик кашфиётларидан бири” деб баҳолади.