Беш моддада Хитой зулмн


  • 6 Июль, 2015
  • 1314

Рамазон билан бирга Шарқий Туркистонда уйғур туркларига бўлган ёмон муомала яна кун тартибида. Хитой ҳукумати рўза тутишнинг оммавий жойларда тақиқланганини, лекин бошқа жойларга аралашмаётганини билдирди. Ижтимоий тармоқда эълон қилинаётган зулм фотосуратларининг кўпининг сохта эканлигини маълум қилди. Шарқий Туркистон Маориф ва ҳамжиҳатлик ташкилоти раиси Ўғузхон “Фотосуратларнинг кўпи янглиш ва тамсилий бўлса ҳам, юз берган воқеалар ҳақиқат” демоқда.

Хитой халқ республикасининг Шарқий Туркистонни ўз ҳукмронлигига олиб, минтақани “Синцзян” деб номлаган санадан бери Шарқий туркистонликларга йўналтирилган этник тозалаш ва ассимиляция сиёсатини юргизганлиги ҳақидаги хабарларга тез-тез кўзимиз тушмоқда. 2009 йили Урумчида бўлиб ўтган воқеалардан сўнгра бу зулмнинг янада шиддатланиб, ортганлиги ҳақидаги хабарлар шу рамазон ойининг бошида янгидан алангаланди. Айниқса ижтимоий тармоқда эълон қилинган ақл бовар қилмас қийноқ фотосуратлари кенг ёйилди. Табиий кўпгина суратларнинг бошқа воқеалар ва бошқа минтақаларга оид эканлиги, кўп суратлар сохта эканлиги айтилди. “Рўза тутиш тақиқланди”, “Рамазонда мажбуран ароқ ичиришди” каби хабарларнинг ҳақиқатдан узоқ эканлиги ва бу фотосуратларнинг Шандонгдаги пиво фестивалидан олинганлиги иддаоси ҳам нашрларда ёритилди. Хўш, қайси бири ҳақиқат? Бу фотосурат ва воқеалар қанчалик ҳақиқатга тўғри келади?

Ҳодисанинг ич юзини тушуниш ва воқеани тўғри таҳлил қила олиш учун Шарқий Туркистон маориф ва ҳамжиҳатлик ташкилоти бош раиси Ҳидоят Ўғузхон билан учрашдик. 13 йил аввал онасини ташлаб, Шарқий Туркистондан қочиб, Истанбулга келган Ўғузхон Хитойнинг 66 йилдан бери зулм ва босим ўтказиб келганлигини, 2009 йилдаги Урумчи ҳодисаларидан кейин бу босимнинг янада ортганлигини айтмоқда. “Рамазонда ҳар йили текширув ва назорат кучайтирилади. Бизнинг мустақиллик орзуларимиз динимиздан олаётган кучимизда эканлигини билишгани учун динимизни бутунлай йўқ қилишмоқчи. Рамазон ойида ичкилик фестивали ўтказишади. Аёлларни депутатлар ёрдамида уйларидан чиқартириб, мажбуран халқ орасида рақсга туширишади. Масжид имомларини рақсга тушириб, қўшиқ айттиришади. “Булар жуда тақво бўлиб кетишган, шунинг учун ижтимоий ҳаётга аралаштирмоқчимиз” дейишади” деган ташкилот раҳбари интернетда тарқалган суратларнинг ҳаққонийлиги ҳақида бундай деди: “Шарқий туркистонликларнинг хабар эълон қиладиган расмий агентликлари йўқ. Бир янгилик бўлса ёки бевосита гувоҳ бўлган воқеаларини ижтимоий тармоқда эълон қилишади. Бу хабарлар билан эълон қилинаётган суратларнинг аслида бирбирига алоқаси йўқ. Буни қабул қилиш керак. Ҳозирги воқеаларга тегишли фотосурат бўлмагани учун мана шундай тамсилий суратлардан фойдаланилмоқда. Ёки эски йилларда бўлиб ўтган шундай воқеларнинг фотосуратидан фойдаланишга мажбур бўлмоқдамиз. Чунки янги сурат олиш кўп ҳолларда мумкин эмас. Суратлар тамсилий бўлса ҳам воқеалар бутунлай ҳақиқат. Бунинг устига матбуотга акс этаётганлар асл ҳодисаларнинг фақатгина 10%ини ташкил қилади холос. У ерда бир ҳодиса бўлса, ҳеч кимнинг хабари бўлмайди. Рамазонда ҳам мажбуран ароқ ичириш воқеаси ҳақиқат. Учраша олган кишилардан олдим бу маълумотни. Телефонлари доим тинглангани учун кўп гаплаша олмаймиз. Аввалги рамазонларда бундай ҳолат бўлмаганди. Бу биринчи марта бўлиши. Таровиҳ намозини ўқиш ҳам тақиқланган.”

Технология ривожланган бир асрда Шарқий Туркистондаги қийноқ ва зулм ҳақида нима учун бир нечта кадрдан бўлак сурат ва видеолар йўқ? Ҳидоят Ўғузхон бир қанча вилоятда интернет тақиқланганлиги, тақиқланмаган жойларда эса қаттиқ назорат остида эканлигини айтиб “Шарқий Туркистондагилар эски мобил телефонларидан фойдаланишади. Смартфон қўлланишмайди. Чунки кўчаларда телефонларни полиция ёки ҳарбийлар текширишади. Телефонингизда оятли бир сурат ёки сиёсий маълумот топишса, дарров тортиб олишади. Ҳибсга олишлари мумкин. Шунинг учун ҳеч ким суратга туширмайди” дейди.

Хитой полициясининг энди инсонларнинг уйларига ва ётоқхоналарига ҳам бемалол қиришларини ҳамда босқинларнинг кўп эканлигини билдирган Ўғузхон ҳар маҳаллада назорат нуқталари борлигини ва бу ердагиларниг ҳомила бўлганларни, ҳижобдагиларни, соқол қўйганларни ҳибсга оладиган вазифага мослаб, қурилганлигини идаао қилмоқда.

Шарқий Туркистонда бўлиб ўтган воқеаларни ва бундан кейин юз бериши мумкин бўлган ҳодисаларни минтақани жуда яхши биладиган бир кишидан сўрадик. Пенсильвания университетида дарс берадиган ва сиёсат бўйича иш олиб борадиган “SETA” директорларидан Қилич Буғра Қанат беш саволда минтақада юз бреаётган воқеаларга изоҳ берди.

1. Шарқий Туркистон деганимизда қандай географик минтақадан сўз юритмоқдамиз?

Майдони Ўзбекистондан қарийиб беш баробар катта бўлган ва ғарбда Ўрта Осиё республикалари, шимолда Россия, жанубда Афғонистон билан чегарадош кенг минтақа. “Шинжан” хитойчада “янги ерлар” маъносига келадиган “Синцзян” калимасининг туркийча айтилишидир. Урумчи шаҳри шу онда Синцзян уйғур автоном минтақаси деб номланадиган вилоятнинг пойтахтидир.

2. Бу минтақада аҳоли сони ва этник тузилиш қандай?

Минтақанинг аҳолиси ҳақида ишончли бир манба йўқ. Хитой раҳбарияти тарафидан берилган расмий рақамларга кўра (2010 йили) аҳоли сони 21 миллиондан кўпроқ. Бу рақамнинг деярли ярми уйғур туркларидир. Норасмий ахборотлар бўйича фақат уйғурларнинг сони 30 миллиондан кўп деб юритилади. Аҳоли борасида энг муҳим муаммо минтақада демографик ассимиляция қилишга уринаётган Пекин ҳукуматининг Шинжанга давомли равишда Хан хитойларининг кўчиришидир. Шу онда расмий рақамлар бўйича 40% бўлган хитойларнинг кўпчиликни ташкил қилиб, уйғурларни озчилик ҳолига туширишни мақсад қилиб қўйишган.

3. Хитойнинг Шинжан минтақасида этник тозалаш ва ассимиляция сиёсатлари ҳақида гапирсангиз? Минтақага татбиқ этилган турли сиёсатлар этник ассимиляция сиёсатининг ошкор қилиб қўймоқда. Диний эркинликларининг камситилиши бу борадаги энг муҳим мавзулардан бири. Дин таълими ўта қаттиқ сиқиб ташланиши ибодат эркинлигининг олдига қўйилган трагикомедик тўғаноқлар, ўқувчиларнинг ва мамурларнинг рўза тутишини тақиқлаш, намоз ўқишидаги тақиқлар жиддий бир босим ўтказилаётганини кўрсатмоқда. Айниқса Қашғар шаҳрида татбиқ қилинган маданий қатлиом ва шаҳарлаштириш номи остида уйғур маданий меросини бузиб йўқ қилишга уриниши жиддий бир ҳамладир. Уйғур зиёлиларининг сўз эркинликларини тақиқлаш ва Илҳом Тўхти каби энг илмли уйғур зиёлиларининг умрбод қамоққа ташланиши бутун дунё кўз олдида татбиқ этилган босқинчилик сиёсатининг намунасидир.

4. Сўнгги ҳафталарда ижтимоий тармоқ орқали Шарқий Туркистонда юз берган зулмларга боғлиқ кўп суратлар эълон қилинмоқда. Баъзи манбалар бу фотосуратларнинг бошқа минтақа ва воқеаларга тегишли эканлигини айтишмоқда. Булар қанчалик ҳақиқатга тўғри келади?

Ибодат тақиқи давлатнинг расмий равишда татбиқ этаётган сиёсатидир. Бу сиёсатлар жуда жиддий шаклда ҳужжатлаштирилган масалалар. Хитой ҳукуматининг бу сиёсатлари аслида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар тарафидан жуда деталли ҳолда исботланган. Урумчи ҳодисаларида илк бор уйғурларга татбиқ этилаётган зулм ва полиция шиддати баъзи уйғурлар тарафидан мобил телефон камералари билан қайд қилиниб, ижтимоий тармоқда эълон қилинди. Албатта Хитой ҳукумати шу сабабли узоқ вақт бу минтақада интернет алоқасини тақиқлади. Лекин интернет фойдаланувчилари тарафидан эълон қилинган бу тасвирлар ва ижтимоий тармоқдаги реакция ҳуқуқшуносларнинг ҳисобот тайёрлашига сабаб бўлди. Хитой ҳукумати охирида бу тасвирларни ва минтақадан хабар берганларни оғир жазолашга киришди.

5.  Бу ҳақ-ҳуқуқларнинг поймол қилиниши дунё жамоатчилигида етарлича кўринмаётганига нималар сабаб бўлмоқда?

Уйғур масаласи одатда икки сабаб билан кун тартибидан ташқарида қолмоқда. Буларнинг бошида, албатта, Хитойнинг ошиб бораётган иқтисодий кучи ва бир қанча ўлканинг бу иқтисодий кучга инсон ҳақларини қурбон этишидир. Наригиси эса узоқ йиллардан бери минтақадан соғлом маълумот олишдаги қийинчиликлардир. Шу пайтгача дунёнинг иккинчи кучи бўлган Хитойнинг ўзига энг катта хавф деб билган уйғурларга раво кўрган зулми ва энг оғир инсон ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилинаётган ушбу минтақа ҳақида ёзилган китобларнинг сони бештадан ошмайди. Минтақадаги хавфсизлик кучларининг шиддати, қийноғи, қатллар ва жаҳон жамоатчилигининг бу борада кўрсатаётган бепарволиги уйғурларни жуда қийин аҳволда қолдирмоқда. Хитойнинг бу борадаги шиддатига қарши "бас қил" деган овозлар кўпроқ чиқмайдиган бўлса, улар минтақани қон кўлига айлантиради. Энг камида дунё ҳамжамияти ва оддий инсонлар Хитойга бу ишларининг сўрови ва бадали бўлишини билдирмаса, воқеалар назоратдан чиқиб кетиши мумкин. Бу ҳолат Хитой учун узун муддат ичидан чиқишга уринган сари ботиб кетадиган стратегик ботқоқликка айланиши мумкин. 


Бошқа мақолалар