Тель-Авивдан янги фронт эътирофи: “Туркия билан тўқнашув эҳтимолимиз ортмоқда”


  • 12 Август, 2026
  • 14

Исроил Миллий хавфсизлик кенгашининг собиқ раҳбари Бен-Шаббат Анқаранинг “Мовий ватан” доктринаси Исроилнинг стратегик мақсадларига зид келаётганини таъкидлади.

Яқин Шарқда сиёсий мувозанатлар қайта шаклланаётган бир пайтда, Исроил томонидан Туркиянинг минтақадаги нуфузи ортиб бораётганига оид ҳайратланарли эътирофлар билдирилди. Исроилнинг “Maariv” нашрига суҳбат берган Миллий хавфсизлик кенгаши собиқ раҳбари Меир Бен-Шаббат Анқаранинг Суриядан Шарқий Ўрта денгизгача бўлган ҳудуддаги таъсири тобора кучаётганига эътибор қаратиб, Тель-Авив ушбу минтақавий манзарани синчковлик билан кузатиб бориши шартлигини айтди.

Бен-Шаббат алоҳида аҳамият қаратган яна бир воқеа Туркиянинг минтақавий иттифоқчилари бўлди. Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон ўртасида имзоланган Макка Қўшма Мудофаа Шартномасини баҳолар экан, у: “Бу битим минтақадаги мусулмон кучлари ўртасидаги ҳамкорлик мутлақо янги босқичга кўтарилганидан далолат беради”, деди.

Собиқ мутасаддининг таъкидлашича, бундай ҳарбий-сиёсий блок Вашингтонга бутунлай қарам бўлмаган, аммо Туркияни минтақавий ва ҳарбий етакчи сифатида марказий мавқега олиб чиқадиган тузилмадир.

Эроннинг минтақадаги таъсири сусайганини қайд этган Бен-Шаббат юзага келган геосиёсий бўшлиқни ким тўлдириши масаласига тўхталиб, ушбу жараёнда Туркиянинг мавқеи борган сари устунлик қилаётганини урғулади.

Туркиянинг янги Сурия армиясини шакллантириш ва тайёрлашдаги ўрнини алоҳида эътироф этган Бен-Шаббат, энергетика ҳамда транспорт инфратузилмаси соҳасидаги лойиҳалар ҳам Анқаранинг ушбу мамлакатдаги иштирокини янада мустаҳкамлашини билдирди.

Суҳбатнинг энг диққатга сазовор қисми Шарқий Ўрта денгиз мавзуси бўлди. Бен-Шаббат Туркиянинг денгизчилик соҳасидаги мақсадларини “Мовий ватан доктринаси” орқали баҳолар экан, Анқаранинг Шарқий Ўрта денгиздаги ҳаракатлари Исроилнинг Греция ҳамда Жанубий Кипр Рум маъмурияти билан тузган режаларига зид эканини айтди. Исроиллик собиқ мулозимга кўра, бу ҳолат Шарқий Ўрта денгизни икки давлат манфаатлари тўқнашадиган асосий майдонга айлантирди. У шундай деди: “Мен буларнинг барини янги фронтга тайёргарлик деб атайман. Барча омилларни ҳисобга олсак, Туркия билан тўқнашиш эҳтимолимиз борган сари ортмоқда”.


Бошқа мақолалар

  • 2018-12-04
OPEC нима?