- 2014-02-25
Қозоғистонда йўлларнинг талаб даражасида эмаслиги сабабли 487 та туман ва қишлоқ ҳокими
жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда ҳукумат мажлисида ички ишлар вазири Ержан Саденов маълум қилди.
ИИВ раҳбарининг сўзларига кўра, полиция кундалик равишда йўл инфратузилмасининг аҳволини текшириб, ҳокимликлар ва йўл ташкилотларига кўрсатмалар бериб боради.
“Жавобгарликка 5000 нафар мансабдор шахс, жумладан, 487 та туман ва қишлоқ ҳокими, шунингдек, “ҚазАвтоЖол” филиалларининг 345 нафар раҳбари тортилди. Бундан ташқари, йўлларни лозим даражада сақламаслик ҳолатлари юзасидан тўртта жиноий иш тергов қилинмоқда”, деди Саденов.
Вазирнинг таъкидлашича, текширувлар вақтида ҳокимлар ва бошқа масъул шахслар йўллар билан боғлиқ муаммоларни маблағ етарли эмаслиги билан изоҳламоқда. Энди уларнинг жавобгарлиги масаласини вилоятлар раҳбарияти даражасида кўриб чиқиш режалаштирилмоқда.
“Полиция аралашуви билан минг километрлик тўсиқлар, 500 та светофор ва 11 мингта йўл белгиси ўрнатилди, 259 та тартибга солинадиган пиёдалар ўтиш жойи жиҳозланди. Бироқ ҳали ҳал қилинмаган масалалар кўп”, деди ИИВ раҳбари.
Саденов шаҳар ва вилоят ҳокимларини, шунингдек, масъул давлат органларини йўлларнинг аҳволига алоҳида эътибор қаратишга чақирди, чунки бу масала бевосита одамларнинг ҳаёти билан боғлиқ.
Аввалроқ Саденов барча йўл-транспорт ҳодисаларининг 80 фоизи ва ўлим билан боғлиқ ҳолатларнинг учдан бир қисми аҳоли пунктларига тўғри келишини маълум қилган эди. У асосий сабаблар сифатида ёритиш тизими, тротуарлар ва жиҳозланган пиёдалар ўтиш жойлари йўқлигини айтганди. ИИВ маълумотларига кўра, яна 700 та ўтиш жойини светофорлар билан жиҳозлаш, 100 минг метр пиёдалар тўсиқларини ўрнатиш ҳамда ёритиш тармоқлари ва тротуарлар қурилишини давом эттириш зарур.