Эркинжон Турдимов – таълим ва илм-фан вазири


  • 15 Октябрь, 2026
  • 12

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги незигида Таълим ва илм-фан вазирлиги ташкил этилди.

Расмий изоҳга кўра, бундан кўзланган мақсад – таълим, тарбия ва илм-фаннинг яхлит тизимини замон талаблари асосида ташкил этиш, таълим сифати ва инсон капиталини ошириш бўйича ишларни янги даражага олиб чиқишдан иборат. Хусусан, боғчаларда тарбиячилар малакасини ошириш, мактаб таълимида дарсликларни янгилаш, олий таълимда эса университетлар мустақиллигини ошириш ва хусусий сектор учун имкониятларни кенгайтириш каби масалалар устуворлик қилиши белгиланди.

Ислоҳот ижроси учун асосий масъуллар сифатида тўрт кишини ажратиб кўрсатиш мумкин: президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева, унинг ўринбосари Обид Ҳакимов, Таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимов ва Ўзбекистонда таниқли тадбиркор Зафар Ҳошимов.

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ва унинг таълимни ислоҳ қилиш бўйича янги ўринбосари Обид Ҳакимов белгиланган вазифалар ижросини назорат қилади. Бунгача тўртта вилоятда ҳоким бўлиб ишлаган Эркинжон Турдимов эса бош вазирнинг биринчи ўринбосари – таълим ва илм-фан вазири сифатида ҳукуматда алоҳида мавқега эга бўлади; соғлиқни сақлаш соҳаси ҳам унинг Вазирлар Маҳкамасидаги котибияти таркибида бўлади. Эслатиб ўтамиз, бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозими 2022 йил охирида тугатилган эди.

Ноёб сиёсий карьерага эга 57 ёшли Эркинжон Турдимов сўнгги вақтларда ўз чиқишларида таълим соҳасига тез-тез урғу бериши билан ҳам бошқа ҳокимлардан ажралиб турганди. Масалан, у август ойида Устозлар миллий форумидаги нутқида янгиликдан қўрқмасликка, болаларга эркинлик беришга чақирган.

Турдимов август ойида аҳоли билан учрашувларидан бирида ҳам таълимнинг муҳимлигини урғулаган, ота-оналарни фарзандлари билан бирга дарс қилишга даъват этган.

Таниқли тадбиркор, Korzinka супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимовга келсак, у Президент администрацияси ҳузурида тузилаётган махсус ишчи гуруҳга жамоатчилик асосида раҳбар бўлди. Ишчи гуруҳ инсон капиталини ривожлантириш ва узлуксиз таълим стратегияси бўйича умуммиллий концепцияни ишлаб чиқади, бунинг учун гуруҳга тажрибали тадбиркорлар, соҳа мутахассислари, олимлар ва халқаро экспертлар жалб қилиниши кўзда тутилган. Зафар Ҳошимов билдирилган ишонч учун миннатдорлик билдириб, фаолияти давомида Teach For Uzbekistan ташкилоти васийлик кенгаши аъзоси, TEAM University асосчиларидан бири, Тошкентдаги Вестминстер халқаро университети жамоасининг фахрий аъзоси сифатида таълим соҳасидаги ташаббусларда иштирок этиб келаётганини қайд этиб ўтди.

kun.uz дан олинди.


Бошқа мақолалар