Туристлар учун QR-код тизими


  • 8 Апрель, 2025
  • 36

Қозоғистонда туристлар учун махсус QR-код тизими ишлаб чиқилди. Бу ҳақда мамлакат Туризм ва спорт вазири Ербол Мирзабосинов ҳукумат йиғилишида маълум қилди.

Вазирнинг сўзларига кўра, янги тизим Қозоғистонга ташриф буюрадиган туристларни алдаб кетиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган.

“Баъзан туристлар такси, алоқа, валюта алмашуви каби хизматлар бўйича алданиб қолади. Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун QR-код тизими ишлаб чиқилди. Унда электрон SIM-карта, меҳмонхона банд қилиш, рўйхатдан ўтишга оид асосий маълумотлар жамланган”, — деди вазир.

Мирзабосиновга кўра, ҳозирда ушбу QR-кодлар Қозоғистоннинг тўрт шаҳрида – Астана, Ақтау, Туркистон ва Шимкентда жойлаштирилган.

“Айни вақтда аэропортлар QR-кодларни жойлаштириш учун қўшимча маблағ сўрамоқда. Бу тажрибани кенг татбиқ этиш учун тегишли ҳокимликлар ва Транспорт вазирлигининг қўллаб-қувватлаши зарур. QR-кодлар барча аэропортларда, вокзалларда ва чегара ўтиш бекатларида жойлаштирилиши лозим”, — дея таъкидлади вазир.

Вазир маълумотларига кўра, 2024 йилда Қозоғистонда ички туристлар сони 10,5 миллион нафарни ташкил этган.

“Жами 15,3 миллион хорижий меҳмон мамлакатимизга ташриф буюрди. Уларнинг 10,4 миллиони Қозоғистонда бир кундан ортиқ вақт давомида қолди. Биз уларни хорижий туристлар деб ҳисоблаймиз”, — деди Мирзабосинов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германия фуқароси Алматида аэропортдан меҳмонхонагача таксида боргани учун 45 минг тенге тўлагани ҳақида хабар берилган эди. Бошқа бир ҳолатда эса таксичи туристни 200 минг тенгега етказиб қўйган.


Бошқа мақолалар