Заргарлик фабрикасидан 54 килограмм олтин ўғирланди


  • 10 Ноябрь, 2026
  • 17

Францияда Калашников автомати билан қуролланган босқинчилар томонидан иккита заргарлик корхонасидан ўмарилган 54 килограмм олтин ва қимматбаҳо буюмлар қўлга олинди. Қиймати 6 миллион евродан ошадиган ўлжанинг изига тушган полиция Швейцария ва Испаниягача ёйилган амалиёт натижасида босқинчилар тўдасини тор-мор этди.

Франциянинг Безансон шаҳридаги иккита алоҳида заргарлик корхонасини нишонга олган қуролли босқинчиликлардан сўнг олиб борилган суриштирув ўз натижасини берди.

Полиция қиймати 6 миллион евродан ошадиган тахминан 54 килограммлик олтин ва заргарлик буюмларидан иборат ўлжанинг барчасини қўлга киритди.

Амалиёт доирасида 16 киши ушланди, саккиз нафар шахсга нисбатан суд суриштируви бошланди. Гумонланувчиларнинг етти нафари ҳибсга олинди.

Илк босқинчилик 2025 йил 19 декабрда Безансон шаҳридаги қимматбаҳо металларни қайта ишловчи корхонада содир бўлган эди. Калашников русумли автомат қуроллар билан фабрикага бостириб кирган қуролли шахслар бир неча килограмм олтинни олиб қочиб кетган.

Босқинчилар қочиш пайтида полиция ходимларига қарата ўт очган.

Орадан ойлар ўтиб, 3 ноябрь эрталаб айнан шу ҳудудда жойлашган бошқа бир қимматбаҳо металларни қайта ишлаш корхонаси нишонга олинди.

Бу сафар оғир қуроллар билан фабрикага бостириб кирган ҳужумчилар ходимларни гаровга олди. Баъзи ходимларни таҳдид қилиб, калтаклаган босқинчилар ўнлаб килограмм олтин ва заргарлик буюмларини олиб, ғойиб бўлишди.

Франция полицияси икки босқинчилик ўртасидаги боғлиқликни ошкор этиб, гумонланувчиларнинг изига тушди.

Уюшган жиноятчилик бўйича Миллий прокуратура (Pnaco) томонидан олиб борилган суриштирув доирасида сешанба ва чоршанба кунлари ўтказилган амалиётларда 16 киши ушланди.

Полиция икки босқинчиликда ўғирланган ва умумий қиймати 6 миллион евродан ошадиган тахминан 54 килограммлик ўлжанинг ҳаммасини топди.

Амалиёт фақат ўғирланган олтинларни топиш билан чекланиб қолмади. Гумонланувчилар билан боғлиқ тинтувларда оғир қуроллар, ракета отар воситалари ва портловчи моддалардан иборат катта қурол-аслаҳа омбори мусодара қилинди.

Суриштирув Франция чегараларидан ҳам четга чиқди. Европа Иттифоқининг жиноий одил судлов соҳасидаги ҳамкорлик агентлиги (Eurojust) кўмагида учта ҳибсга олиш ордери берилди.

Қидирувда бўлган гумонланувчилар Швейцария ва Испанияда қўлга олинди.

Ёши 26 дан 57 ёшгача бўлган етти эркак ва бир аёлдан иборат саккиз кишига нисбатан суд суриштируви бошланди.

Гумонланувчиларга нисбатан уюшган жиноятчилик доирасида қуролли босқинчилик, қасддан одам ўлдиришга уриниш, жанговар қуролга эгалик қилиш, одам ўғирлаш, мажбуран ушлаб туриш ва жиноий уюшмада иштирок этиш айбловлари илгари сурилди.

Саккиз гумонланувчидан етти нафари ҳибсга олинди, бир киши эса суд назорати шарти билан озод қилинди.

Гумонланувчилардан икки нафари илгари қуролли босқинчилик жиноятлари учун 18 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилгани ва қидирувда бўлгани маълум бўлди.

Қўлга олинган яна уч кишининг тергов судьялари қаршисига чиқарилиши кутилаётган бир пайтда, беш кишининг ушлаб туриш муддати якунига етди.

Франция прокуратураси босқинчиликларга алоқадор бошқа шахсларни ҳам қўлга олиш учун Швейцария ва Испания мутасаддилари билан ҳамкорликдаги суриштирувни давом эттирмоқда.


Бошқа мақолалар