Европада кўчалар назоратдан чиқди


  • 19 Октябрь, 2026
  • 17

Ҳар сафар “демократия”дан оғиз кўпиртирадиган Ғарб ўз аҳолисининг “демократик ҳуқуқи” бўлган намойишларга кескин аралашгач, вазият чигаллашди. Европанинг юраги — Парижда бошланган намойишлар бошқа ўлкаларга ҳам тарқалди.

Франция атрофидаги чекка ҳудудларда яшовчи ўқувчилар мактабларнинг таъмирталаб аҳволига ва лицейлардаги ўқитувчилар етишмовчилигига норозилик билдириш учун бир ой олдин намойишлар ўтказишни бошлаган эди. Намойишларга ёнилғи нархларидан шикоят қилаётган фермерлар, иқлим фаоллари ва ҳар йили турмуш қимматлигига қарши кўчаларга чиқадиган “Сариқ нимчалилар” ҳам қўшилгач, вазият назоратдан чиқиб кетди.

Аввало Париж бўлиб, кўплаб шаҳарларда ҳашаматли дўконлар талон-торож қилинди, автомобилларга ўт қўйилди, давлат мулкига зарар етказилди. Ҳатто Лимож шаҳридаги 143 йиллик мэрия биносига ўт қўйилди. “Тинч” намойишлар зўравонлик ҳодисаларига айланиб кетгач, 1 киши ҳалок бўлди, 1300 дан ортиқ намойишчи ва 600 га яқин хавфсизлик ходими жароҳатланди.

Икки минг киши қўлга олинган бир пайтда Франция президенти Эммануэль Макрон: “Талончилар етказган зарари учун товон тўлайди. Республикани йўқ қилишга уринаётганлар жавоб беради”, деди. Мухолифат етакчилари эса: “Францияда энди тартиб қолмади”, деб, Макронни лавозимини тарк этишга чақиришди.

Италияда ҳам аҳоли турмуш қимматлигига қарши намойишлар ўтказиб, Бош вазир Жоржа Мелонининг истеъфосини талаб қилди. Минглаб кишилар майдонларни вайрон қилгач, полициянинг кескин қаршилигига дуч келди. Мелони: “Шаҳарларимизни жанг майдонига айлантиришга ҳаққингиз йўқ”, дея оломонга эътироз билдирди.

Бельгияда таълим ва тежамкорлик сиёсатига қарши намойишлар бўлиб ўтди. Кўплаб кишилар ҳибсга олинди. Мамлакатда мактабларда икки ҳафталик таътил бошлангани сабабли намойишлар янада кучайиб давом этиши кутилмоқда.

Португалияда ватандошлар турмуш қимматлиги, уй-жой нархлари ва юқори ижара ҳақига норозилик сифатида майдонларни тўлдирди. Оломон: “Кун кўролмаяпмиз”, деб мутасаддиларга мурожаат қилди.

Албанияда бир ҳафтадан бери давом этаётган намойишларда коррупция айбловлари, ишсизлик ва таълим тизимидаги муаммолар биринчи ўринга чиқди. Оломон Бош вазирлик биноси томон юрганидан сўнг полиция сув сепгичлар ва кўздан ёш оқизувчи газ билан аралашди.

Таълим вазирлиги олдида эса хавфсизлик кучлари молотов коктейли ва шовқинли бомба отган ёшларга пластик ўқлар билан жавоб қайтарди. Мамлакатда норозилик алангаси тобора кенгаяётган бир пайтда Албания етакчиси Эди Рама: “Бош вазирлик биносини нишонга олган портловчи модда ортилган дрон зарарсизлантирилди”, деб баёнот берди.


Бошқа мақолалар