Индонезия президенти Сингапур ва Малайзиядан узр сўради


  • 16 Ноябрь, 2026
  • 14

Индонезия президенти Прабово Субианто мамлакатдаги ўрмон ва ер ёнғинлари оқибатида юзага келиб, Сингапур ва Малайзияга қадар етиб борган трансчегаравий тутун учун узр сўради.

Нашр маълумотларига кўра, бу ҳақда Индонезия президенти котибиятининг 15 ноябрь, якшанба куни кечқурун эълон қилинган баёнотида сўз боради.

Қайд этилишича, Субианто Индонезия ҳукумати ва халқи номидан узр сўраб, минтақа давлатлари етакчиларини расмийлар ёнғинларга қарши курашиш учун барча имкониятларни ишга солганига ишонтирган. Қарийб тўрт ой давом этган ёнғинлар Сингапур ва Малайзия ватандошларига ҳам таъсир кўрсатган трансчегаравий тутунга сабаб бўлган эди.

Субианто ўз ҳукумати ўрмон ёнғинларига алоқадор компанияларга нисбатан муросасизлик сиёсатини олиб бораётганини таъкидлади. Шу билан бирга, у қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш бўйича турли чоралар кўрилганини, жумладан, ёнғинларга алоқадорликда гумонланган корхоналарнинг рухсатномалари бекор қилиниб, уларга нисбатан суд жараёнлари бошланганини маълум қилди.

“Биз 17 та корпоратив концессияни бекор қилдик. Ҳозирда 26 та компанияга нисбатан тергов олиб борилмоқда, 11 та компанияга эса аллақачон айблов эълон қилинди. Яна 23 та компанияга айблов эълон қилиш режалаштирилган. Умумий ҳисобда полиция 104 та компания фаолиятини текширмоқда”, деди Субианто.

Унинг сўзларига кўра, Индонезия ҳукумати оловга қарши курашиш учун 71 минг кишини сафарбар этган. Ёнғинларни ўчириш вақтида 16 нафар ўт ўчирувчи ҳалок бўлган, кўплаб ходимлар жароҳатланган. Бундан ташқари, иккита вертолет бой берилган.

Субианто, шунингдек, ўрмон ва ер ёнғинларига бўлган ёндашувни ўзгартириш – оловни ўчириш ва оқибатларни юмшатишдан тизимли профилактикага ўтиш зарурлигини урғулади. Индонезия келажакда ўрмон ва ер ёнғинларининг олдини олишни кучайтириш мақсадида янги идора ташкил этишга ва турли дастурларни амалга оширишга тайёрланмоқда, дея қўшимча қилди у.

Аввалроқ ёнғинлар уйларни вайрон қилаётгани, аҳоли эвакуация қилинаётгани, мамлакатнинг айрим шаҳарларида эса хавфли даражадаги тутун туфайли мактаб ўқувчилари масофавий таълимга ўтказилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Тутун қўшни Малайзия ва Сингапурга ҳам тарқалиб, кўриш масофасининг ёмонлашуви авиақатновларни издан чиқармоқда. Индонезия Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, август ойидан октябргача бўлган даврда ёнғинлар 1 600 дан ортиқ ички авиарейсларга таъсир кўрсатган.


Бошқа мақолалар