Юзлаб тобут ва олтин ашёлар топилди


  • 19 Ноябрь, 2026
  • 16

Мисрнинг Менуфия вилоятида олиб борилган археологик қазишмаларда юзлаб тош ва сопол тобутлар билан бирга олтин тил шакллари, тақинчоқлар, туморлар ва қабр ҳайкалчалари аниқланди. Птолемейлар қироллигининг илк даврлари ҳамда ундан олдинги тарихий босқичларга оид ушбу некрополь ўша даврнинг дафн маросимлари анъаналарига ойдинлик киритиши кутилмоқда.

Миср Туризм ва қадимий ёдгорликлар вазирлиги тарқатган баёнотга кўра, Қадимий ёдгорликлар олий кенгаши таркибидаги археологлар гуруҳи Абу Беллу археологик ҳудудида олиб борган ишлари давомида кўплаб қабр ва тобутлар жойлашган кенг некрополь майдонини очган.

Ҳудуднинг меъморий тузилишига оид тафсилотлар баён этилган хабарда тош ва сопол тобутлардан ташқари ёғоч тобут қолдиқлари, хом ғиштдан қурилган гумбазли қабрлар ҳамда ички қисмлари оҳактошдан ишланган дафн иншоотлари аниқлангани қайд этилди.

Баёнотда фикрлари келтирилган Миср Қадимий ёдгорликлар олий кенгаши бош котиби Ҳишом ал-Лайсий ушбу кашфиёт ўзига хос меъморий хусусиятларга эга эканини таъкидлади. Лайсийнинг қайд этишича, дастлабки текширувлар бу ерда ўрта ҳол қатламга мансуб кишилар дафн этилган бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Қазишма ишларига масъул Муҳаммад Абдулбадий эса қабристонда Птолемейлар қироллиги даврининг илк босқичлари ва ундан аввалги тарихий даврларга тегишли қабрлар биргаликда жойлашганига эътибор қаратди.

Ишлар давомида юзлаб тош тобутлар билан бир қаторда одам шаклида ишланган сопол тобутлар ва инсон қолдиқлари топилгани урғуланган баёнотда қабр топилмалари орасида олтиндан ясалган эмас, олтиндан ишланган тил шакллари, сирғалар, маржонлар, туморлар, қўнғиз шаклидаги тилсимлар ва қабр ҳайкалчалари ҳам борлиги билдирилди.

Вазирлик хабарида ҳудудда мумиёлаш жараёнларида қўлланилган ашёлар ва смола қолдиқларига ҳам дуч келингани, шунингдек, назр қурбонгоҳлари, оҳактошдан ишланган ҳайкал бошлари ва сопол шакллар юзага чиқарилгани қайд этилди.

Миср туризм ва қадимий ёдгорликлар вазири Шариф Фатҳий ҳам мазкур топилма қадимги Миср цивилизацияси ва ўша даврнинг дафн анъаналарини ўрганишга хизмат қилишини таъкидлаб, ҳудуддаги қазишма ва ҳужжатлаштириш ишлари узлуксиз давом этаётганини маълум қилди.


Бошқа мақолалар