- 2024-10-10
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ғазо секторида давом этаётган ҳужумлар фонида ислом мамлакатларини
Исроилга босимни кучайтиришга чақирди.
“Исроил раҳбарияти дунёдаги энг йирик концлагерга айлантирган Ғазода қирғин, мақсадли қотилликлар, камситиш, яккалаб қўйиш, атайлаб очликка маҳкум этиш ва бошқа кўплаб жиноятлар деярли ҳар куни бутун дунё кўз ўнгида содир этилмоқда”, деди Туркия етакчиси 18 ноябрь, чоршанба куни Адолат ва тараққиёт партиясининг парламент фракцияси йиғилишида.
Давлат раҳбари дунё эски тартиб қулаб, унинг ўрнига нима келишини ҳеч ким билмайдиган оғриқли жараённи бошдан кечираётганига эътибор қаратди.
“Парда ортида оммавий ахборот воситалари ва телеэкранларда акс этаётганидан кўра анча шафқатсиз ва вайронкор рақобат авж олмоқда. Россия ва Украина ўртасидаги уруш давом этмоқда, томонлар ўзаро йўқотишларга учрамоқда, минтақага авиаташувчи кемаларнинг юборилиши билан эса Форс кўрфазида вазият яна кескинлашмоқда”, дея таъкидлади Эрдўғон.
Туркия президенти қишнинг қаттиқ совуқлари ҳали бошланмаганига қарамай, Исроил жорий этган ғайриинсоний чекловлар туфайли Ғазо секторида аллақачон кенг кўламли гуманитар фожиа юз бераётганини қайд этди.
“Тиззасигача сув ва лойга ботиб турган, ҳатто бошпана топиш учун чодирдан ҳам маҳрум бўлган ва совуқдан дир-дир титраётган ғазолик болаларнинг юракни эзувчи аҳволини кўриб, қалбимиз дош бермаяпти”, деди давлат раҳбари.
Йиллар давомида дунёга демократия ва инсон ҳуқуқларидан сабоқ бериб келганлар ниқобларини ечиб, ўзларининг асл башараларини кўрсатаётганини айтган Эрдўғон ислом олами ҳам ўз-ўзига жиддий баҳо бериши лозимлигини урғулади.
“Фақат бошқаларга таяниб қолиш ўрнига, биз, мусулмонлар ҳаракат қилишимиз ва Исроилга нисбатан босимни кучайтиришга эришишимиз керак. Ислом дунёси қишнинг янада қаттиқ совуқлари келгунига қадар Ғазога кўпроқ гуманитар ёрдам етказиш учун янада кўпроқ саъй-ҳаракат қилиши зарур. Биз Ғазодаги биродарларимиз ва опа-сингилларимизга вақтинча яшаш учун контейнерлар юборишга тайёрмиз”, деди Туркия президенти.
Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича зарур қадамлар ташланмоқда.
“Бошқалар кўз ва қулоқларини юмиб олса ҳам, биз Ғазодаги зулм ҳақида сукут сақламаймиз. Ҳатто ёлғиз ҳаракат қилишимизга тўғри келса ва қўллаб-қувватловсиз қолдирилсак ҳам, насиб этса, инсоният ҳамда биродарларимиз олдидаги бурчимизни бажаришда давом этамиз”, дея қўшимча қилди Эрдўғон.