- 2021-04-10
БМТнинг Олий суди пайшанба куни 2017 йилда Мьянма хавфсизлик кучлари томонидан роҳинжа озчилигига
нисбатан содир этилган минглаб қотилликлар ва кенг кўламли жинсий зўравонлик ҳолатлари давлат даражасида қўллаб-қувватланган геноцид экани ҳақида қарор чиқарди.
БМТ Халқаро суди Мьянма Иттифоқи Республикаси Ракхайн штатининг шимолий қисмида роҳинжаларга қарши геноцид содир этганини тан олди.
Гамбиянинг даъво аризаси киритилганидан етти йил ўтиб қабул қилинган мазкур ҳукм Холокост давридан буён халқаро суд томонидан геноцидни исботлашнинг ҳуқуқий мезонлари белгиланган тўртинчи иш, бутун бошли давлат жавобгар деб топилган эса илк ҳолат бўлди.
Суд Мьянма зиммасига роҳинжаларга товон пули тўлаш, уларнинг хавфсиз ва муносиб тарзда ўз юртларига қайтишини ҳамда оилаларнинг қайта бирлашишини таъминлаш мажбуриятини юклади. Ҳукм якуний бўлиб, устидан шикоят қилинмайди; судьялар ушбу қарор геноцидга оид бошқа ишларга ҳам таъсир кўрсатишини кутмоқда.
“Суд Мьянма хавфсизлик кучлари минглаб тинч аҳоли вакиллари бўлган роҳинжаларни ўлдиргани, кенг кўламли жинсий зўравонлик ҳаракатларини, шунингдек, болаларга нисбатан ўта шафқатсиз хатти-ҳаракатларни содир этгани ва қочаётган роҳинжаларга ҳужум қилганини аниқлади”, – деди раислик қилувчи судья Юдзи Ивасава қарорни ўқиб эшиттирар экан.
Судьялар “Мьянма ҳаракатларининг ягона оқилона изоҳи – ҳимоя остидаги гуруҳнинг сезиларли қисмини, яъни Ракхайн штати шимолидаги роҳинжа аҳолисини йўқ қилиш нияти бўлган”, деган хулосага келди.
Суд эркаклар ва ўғил болаларнинг оммавий қатл этилгани, роҳинжа аёлларига нисбатан кенг тарқалган зўрлаш ва жинсий зўравонлик ҳолатлари, шунингдек, роҳинжаларга қарши нафрат уйғотиш билан бирга кечган “тозалаш амалиётлари” чоғида юзлаб қишлоқлар ёқиб юборилгани ва вайрон қилинганини қайд этди. Бунда БМТ миссиясининг камида 10 000 киши ҳалок бўлгани ва 700 000 дан ортиқ роҳинжа ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлгани ҳақидаги маълумотлари инобатга олинди.
Товон пули миқдори кейинроқ белгиланади. БМТ Халқаро суди қарорлари якуний бўлишига қарамай, уларни мажбурий ижро этиш имкониятлари чекланган. Буюк Британия Мьянма ҳарбий атташесини мамлакатдан чиқариб юборишини маълум қилди ва навбатдаги чораларни тайёрламоқда; парламент аъзолари эса қарор ижроси масаласини БМТ Хавфсизлик Кенгашига олиб чиқишга чақирди.
Экспертларнинг таъкидлашича, бу 1948 йилги Геноцид тўғрисидаги конвенцияни қўллаш бўйича сўнгги ўн йилдан ортиқ вақт ичидаги илк йирик қарор бўлиб, у бошқа ишларга, жумладан, Жанубий Африка Республикасининг 2023 йилда Исроилни Ғазода геноцид содир этишда айблаб киритган даъвосига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Аввалроқ халқаро судлар Руанда (1994), Сребреница (1995) ва Камбожада (1970-йиллар охири) содир этилган геноцид фактларини тан олган эди.