- 2017-04-21
Тожикистон БМТни Халқаро жиноят судининг (ХЖС) Рим статутидан чиқиш қарори ҳақида расман
хабардор қилди. Мамлакатнинг шартномадан чиқиши 2027 йил 20 ноябрда кучга киради, унга қадар эса Тожикистон ХЖС иштирокчиси бўлиб қолади.
Октябрь ойида Тожикистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Идибек Қаландар Гаагадаги суд фаолиятининг тобора сиёсийлашиб бориши “халқаро жиноий адлия тизимини давлатлараро низоларни ҳал этишда сиёсий босим ўтказиш воситасига айлантириб, ўрнатилган дипломатик меъёрларни эътиборсиз қолдираётганини” таъкидлаган эди.
Қаландарнинг сўзларига кўра, бу ҳолат “Халқаро жиноят судининг мустақил орган сифатидаги мақомига путур етказади”.
ХЖС фаолиятини тартибга солувчи Рим статутини дунёнинг 120 дан ортиқ давлати ратификация қилган. Шу билан бирга, суд иштирокчилари қаторига АҚШ, Хитой, Россия, Ҳиндистон ва Туркия каби йирик давлатлар кирмайди.
Жорий йилнинг 13 июль куни Вашингтон Гаагадаги судни “АҚШ суверенитетига номақбул таҳдид солишда” айблаб, ХЖСга қарши кенг кўламли кампания бошланганини эълон қилди. Ўшанда Давлат департаменти баёнотида Гаагадаги суд америкалик ҳарбий хизматчилар ва разведка ходимларига нисбатан тергов бошлаганини ҳамда “ҳисобдор бўлмаган глобал ҳакамга айланишга” интилиб, ушбу ишларни ёпишдан бош тортаётганини қайд этган эди.
АҚШ президенти Дональд Трамп 22 сентябрь, сешанба куни Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида сўзга чиқиб, Халқаро жиноят судига аъзо барча давлатларни ушбу ташкилотни тарк этишга чақирди. У Гаагадаги суднинг ўзини “назоратдан чиқиб кетган институт” ва “ёвузлик қилувчи одамлар гуруҳи” деб атади.