- 2024-11-21
Грузиянинг Батуми шаҳрида футбол бўйича Европа Лигаси умумий босқичининг бешинчи тури доирасида Туркиянинг
“Бешиктош” ва Исроилнинг “Ҳапоэль” жамоалари ўртасида кечган ўйинда жиддий тартибсизликлар содир бўлди.
Учрашув бош ҳаками Мортен Крог Грузия полицияси туркиялик мухлислар секторидаги вазиятга аралашганидан сўнг, 27-дақиқада 0:0 ҳисоби қайд этилиб турган пайтда ўйинни тўхтатди. Тўқнашувлардан кейин “Бешиктош” ишқибозлари ўриндиқларни синдириб, улоқтира бошлади. Шикастланган мухлислардан бири замбилда олиб чиқилиб, тез ёрдам машинасига етказилди.
Ўйин 35 дақиқага тўхтатиб қўйилди. Хавфсизлик хизмати ходимлари туркиялик мухлислардан бири ёйган Фаластин байроғини тортиб олишга қарор қилганидан сўнг, “Бешиктош” ишқибозлари унинг ёнини олган. Натижада Грузия ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари секторга бостириб кириб, резина таёқ ва кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган ҳолда мухлисларни қаттиққўллик билан қўлга ола бошлаган.
“Бешиктош” президенти Сердал Адали Грузия полицияси турк клуби мухлисларига нисбатан ҳаддан ташқари куч ишлатганини маълум қилди.
“Аввало, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга миннатдорлик билдирмоқчиман. У бизга қўнғироқ қилиб, вазият билан қизиқди. Шунингдек, вазирларга, Клублар иттифоқи президенти ва бошқа жамоаларга ҳам ташаккур айтаман. Жамоамиз бу ерга турли саргузаштлар билан етиб келди, лекин хайриятки, ҳаммаси яхши якунланди. Умид қиламанки, бундан кейин ҳам шу руҳда давом этиб, қўйилган мақсадларга эришамиз.
Грузия полицияси номутаносиб куч қўллагани ачинарли ҳолат. Икки нафар мухлисимиз тан жароҳати олди, аммо тиббий ёрдам кўрсатилгач, уларга шифохонадан жавоб берилди. 10 дан ортиқ ишқибоз қўлга олинган. Биз уларнинг озод этилишига эришамиз. Буларнинг ҳеч бири содир бўлмаганида яхши бўлар эди”, – деди Адали.
Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Батумида бўлиб турган Туркия ватандошлари билан боғлиқ вазият қатъий назорат остида эканини билдирди.