- 2022-11-22
Ўтказилган сўровномага кўра, Туркия 2012 йили Яқин Шарқда энг ижобий баҳога эга бўлган ўлка деб топилди.
TESEV нинг 2012 йил 3-28 август орасида 16 ўлкадан 2800 кишилик бир танловга асосланиб, телефон ва бевосита мулоқот методи билан амалга оширилган сўровноманинг натижалари эълон қилинди. Сўровнома Миср, Ливан, Иордания, Фаластин, Саудия Арабистони, Сурия, Ироқ, Эрон, Тунис, Уммон, Баҳрайн, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари, Қувайт, Яман ва Ливиядан иборат 16 давлатда ўтказилди.
Сўровнома натижаларига кўра, иштирокчиларнинг 26% “иқтисодий муаммолар”ни, 10% минтақада Ғарбнинг таҳдидини, 7% “Исроил-Фаластин муаммоси”ни энг муҳим мавзу деб биладилар.
Ўтган йилги сўровнома билан таққосланганда энг асосий фарқ “халқ ҳаракати” жавобининг камайиши бўлган. Бир йил аввал “халқ ҳаракати” жавоби 15% билан иккинчи ўринни эгаллаганди. Бу йил эса 6% билан тўртинчи ўринда қолди.
Энг ижобий баҳога эга бўлган давлат – Туркия
Иштирокчилардан 18 та ўлка ҳақида нима ўйлашлари сўралди. Берилган жавобларга кўра, Туркия ўтган йилларда ўтказилган сўровнома натижаларида бўлганидек бу йил ҳам энг ижобий баҳога эга бўлган давлат деб топилди. Сўровнома иштирокчиларининг 69% Туркия ҳақида ижобий ва жуда ижобий фикрда эканликлари маълум бўлди.
Энг салбий баҳо берилган ўлкалар рўйхатида Исроил яна биринчи ўринни эгаллади. Ўтган йили Исроил ҳақида ижобий фикрга эга бўлганлар 10% ни ташкил этган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 5%га тушди. Бу рўйхатда Исроилни 30% билан АҚШ, 36% билан Англия ва 37% билан Эрон таъқиб этмоқда.
Яқин Шарқда таҳдид тушунчаси ўзгармади
Сўровнома иштирокчиларининг 46% минтақаларига энг катта таҳдиднинг Исроилдан кутилишини маълум қилдилар. Иккинчи ўриндага жавоб 21% билан АҚШ бўлди. Эрон 11% билан учинчи ўринни эгаллади. Энг катта таҳдидни Исроилдан кутганлар 66% билан Ливия, 63% билан Миср, 60% билан Сурия ва 57% билан Тунис бўлди. Фақатгина Эрон ва Ироқдаги иштирокчилар Исроилнинг ўрнига АҚШни танлашди.
Сўровномада илк маротаба халқларнинг минтақалараро куч-қувватини баҳоламоқчи бўлдилар. Очиқ сўралган саволда иштирокчилардан тўрт соҳада – сиёсий, иқтисодий, маданий, ҳарбий – қайси давлат ёки давлатларни минтақалараро куч сифатида кўришларини белгилашлари сўралган. Жавобларга кўра, тўртта давлат олдинги қаторларни эгаллади. Булар: Туркия, Эрон, Саудия Арабистон ва Миср.
Суриянинг келажаги
Иштирокчилардан Суриянинг келажагидан нима кутишлари сўралганида 32% “барқарорлик”, 28% “Асад режимининг қулаши”, 14% эса “хавфсизлик” жавобини берди.
Яқин Шарқнинг дўсти ким?
Сўровнома иштирокчиларининг жавоблари умумлаштирилганда 70%и Туркия ҳукуматининг ўз ўлкаларига дўстона муносабатда эканлиги ҳақида ўйлашларини билдирди. Туркия ҳукумати ўзларига дўстона муносабатда эмас деган фикрда бўлганлар эса Сурия ва Ироқдир.
“Туркия сизлар учун андоза бўла оладими?” деган саволга берилган жавобларга кўра, Туркия модели ҳозирча яроқли. Иштирокчиларнинг 53%и Туркияни модел бўла оладиган давлат деб билишларини маълум қилди. Туркия андозасига энг кўп дастак Тунис, Ливия ва Фаластиндан келди. Сурия ва Эрон иштирокчилари эса Туркия моделини салбий баҳоладилар.