Минг йиллик қабристондан жой сотилмоқда


  • 25 Июль, 2019
  • 544

Бухоро шаҳрида жойлашган тарихий қабристондан аввалдан бўш қабр жойи сотиб олишга талаб ортди.

Бухородаги Ҳазрати имом қабристонида 18 мингга яқин қабр бор ва булардан 1700 таси майитсиз, яъни ўлимидан олдин “эгаллаб” олинган.

Шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бафо Нарзуллаев бу ҳақда шундай деди:

“17 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган Хожа имом Ҳафси Кабир Бухорий қабристонида қабрлар хатловдан ўтказилди. 18 мингга яқин қабр борлиги, шундан 8-10 фоизи, аниқроғи, 1700 та қабр эса майитсиз эканлиги аниқланди. Тўғри, кейинги йилларда қабристон манзилида сизот сувлари баландлашмоқда. Бу ўз-ўзидан лаҳад қазишда қийинчилик туғдиради. Шу сабабли одамлар яқинлари кўмилган қабрлар ёнидан «эгасиз» сағаналар тайёрлаб қўя бошлаган. Қабр ери бепул берилган. Вафот этгандан кейингина гўрков учун хизмат ҳақи тўланади. Ўзбекча лаҳад қазиш учун 160 минг (18 доллар), ўрисча лаҳад учун 120 минг сўм (14 доллар) ва болалар учун лаҳадга 20 минг сўм (2 доллар) атрофида тўлов ундирилади.”

Суҳбатдошлардан бири бу қабрларнинг ҳали тирик бўлган қариндошлари учун баъзи маҳаллий амалдорлар тарафидан “эгаллаб” олинганини айтди.

Айни кунда Ҳожа Имом Хафси Кабир Бухорий қабристонида кенг миқёсда қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланган. 1000 нафардан ошиқ меҳнат кучи жалб этилган. Қабрлар атрофига 1,5х2 метрдан зиёд қилиб ўрнатилган темир панжаралар 60 сантиметрдан ортиқ бўлмаган шаклга келтирилмоқда.

Чиқиндилардан, бегона ўтлардан тозаланган, 20 машинага яқин чиқинди чиқарилган. Йўлакларга оқтошлар ётқизилиб, ўтганлар хотирасига тиловат ўқиш учун ўриндиқ ва соябонлар ўрнатилмоқда. Бундан ташқари, эски деворлар қайта тикланиб, қабристон атрофидаги йўлларга асфальт ётқизилмоқда.

Маълумот учун, Ҳазрати Имом қабристони 1000 йилдан ошиқ замондан буён фойдаланиб келинади.


Бошқа мақолалар