- 2014-07-21
Россиянинг хусусий ҳарбий компанияси “Wagner” Африканинг бир қанча ўлкаларига жойлашмоқда. Маҳаллий армияларга таҳсил берувчи, террорист гуруҳлар билан курашувчи “Wagner” бу ўлкалардаги олтин ва қазилма бойлик конларидаги даромаддан улуш олади.
Ливияда хунта бошчиси Хафтер учун жанг қилаётган “Wagner” гуруҳи мансублари Москванинг тўқнашув ва зиддият майдонларида “гибрид уруш”га асосланган янги сиёсатининг парчаси сифатида Африка ўлкаларига ёйилмоқда. АҚШнинг “Bloomberg” агентлиги исмини очиқламаган манбаларга аоссланиб берган хабарида “Wagner” ёлланма аскарларининг бугунги кунда Судан, Марказий Африка республикаси, Ливия, Зимбабве, Ангола, Мадагаскар, Гана, Гвинея-Бисау, Мозамбик ва тахминан Конгода жойлашганини маълум қилмоқда. Москва фаолиятига расмий жиҳатдан алоқаси бўлмаган “Wagner” гуруҳи маҳаллий армияларга ҳарбий таълим бериш, кўзга кўринган шахсларни қўриқлаш, исёнчи ёки террорист гуруҳлар билан жанг қилиш ва уруш минтақасидаги олтин, олмос ва уран конларини ҳимоя қилиш мақсадида бу ўлкаларга жойлашган. “Wagner” бу хизматлар эвазига ўша давлатлардаги минераллар ва табиий бойликдан фойдаланиш, қурол, технология ва ҳарбий хизмат кўрсатиш учун баъзи имтиёз ва рухсатларга эга.
Ливия: “Wagner”га оид икки минг ёлланма аскар бор. “Wagner”нинг разведка ва кузатиш учун енгил инсонсиз дронларидан снайпер милтиқларигача, “Панцир” ракета ва зенит комплексидан “MiG-29” ва “Су-24” қирувчи самолётигача бўлган қимматбаҳо қуролларга эга эканлиги айтилмоқда.
Марказий Африка республикаси: 2013 йилдан буён ички урушлар сабабли хавфсизлик ҳолати ёмонлашаётган Марказий Африкада “Wagner” ўлкадаги энг кучли нуфузга эга бўлган Францияни бартараф қилди. 2018 йилдан бери ҳарбий таълим номи остида юзлаб рус аскари билан бирга 450 нафар вагнерчилар бор. “Wagner” турли соҳалардаги муассасаларнинг хавфсизлигини таъминлайди. Президент гвардиясининг ва армиянинг таълимида муҳим роль ўйнайди. “Wagner” президент Фостен-Арканж Туадера ни ўлканинг учдан иккисини ўз назоратида тутиб турган исёнчилар қаршисида ҳимоя қилмоқда. Ўлкадаги олтин ва олмос конларини ҳимоя қилади ҳамда даромадининг бир қисмига эгалик қилади. “Рус устозлар” 2018 йилдан ўзларига берилган Беренго саройига жойлашган.
Судан: “Wagner” компанияси Судандаги олтин қидирув фаолиятларини “Meroe Gold” ва “M Invest” ширкатлар номи остида 2017 йили бошлади. бундан ташқари, Судан армиясидаги аскарлар билан Дарфур минтақасидаги тезкор кўмак кучларига ҳам таълим берди. Баъзи ғарб ва маҳаллий нашрларнинг хабар беришича, “Wagner” компанияси Судандан Марказий Африкага аэропортлари ва чегаралари орқали қурол ва аскарлар ташиётгани иддао этилмоқда.
Мозамбик: Ўлканинг шимолида табиий газга бой Кабу-Делгаду провинциясида “Wagner” мансублари ёйилди. 2019 йилдан “Wagner”нинг ёлланма аскарларидан 160 дан 300 гача мансублари ўлкада яшамоқда. Улар дронлар, юқори технологиялик ҳарбий маълумот таҳлил воситалари билан таъминланганлиги айтилмоқда.