Жаҳон чемпионатида оламшумул ғалаба


  • 8 Декабрь, 2022
  • 34

4 та расмий матчда биттагина гол ўтказиб юборган ва ФИФА рўйхатида 22-ўринда турувчи Шимолий Африка ўлкаси майдонда пул ва шуҳрат эмас, курашнинг, пешона тери ва ўзига ишонишнинг асосий эканлигини исботлаб берди.

БУ йил Қатарда бўлиб ўтаётган футбол бўйича жаҳон чемпионати шов-шувларга бой бўлмоқда. Саудия Арабистоннинг Аргентина устидан ғалабаси, Япониянинг Германия ва Испания терма жамоаларини мағлуб қилиши кўпчилик кутмаган воқеа бўлди. Сўнгги турда Марокконинг ғалабаси юқоридаги барча шов-шувларни сояда қолдирди. 37 миллион аҳолиси бор Шмолий Африка ўлкаси чорак финалгача етиб келди. ФИФА рўйхатида 22-ўринда турувчи ва қолган саккизта терма жамоа орасида энг арзон (241 миллион евро) бўлган Марокко бош мураббий Валид Реграги билан тарих ёзмоқда.

Икки йиллик тажрибаси бор бош мураббийнинг карьерасидаги матчлар сони 11 та. Касабланка клубида 7 та, 4 таси жаҳон чемпионатида. Терма жамоа бош мураббийи сифатида расмий матчлар сони тўрттагина. У ҳам бўлса жаҳон чемпионатидаги матчлар. Мағлубият йўқ, фақатгина битта гол ўтказиб юборган.

Германия ва Бельгияни гуруҳдан чиқариб юборган Испания билан ўйинда пенальтилар сериясида ғолиб бўлган Марокко ҳамма нарса пул ва шуҳрат билан ўлчанмаслигин кўрсатиб берди.

Испаниянинг Севилия клуби ва Марокко терма жамоаси дарвозабони Боно иккита пенальтини қайтариб жамоасини чорак финалга олиб чиқди. Боно Испания матчигача 50 пенальтидан 13 тасини қайтарганди.

Мадридда яшовчи марокколик оилада дунёга келган ва Реал Мадрид базасида футболни бошлаган Ҳакимий ёшлигида таклифини қабул қилмаган Испания терма жамоасини жаҳон чемпионатида курашдан чиқариб ташлаган футболчи сифатида тарихга кирди. У тепган пенальти Марокко терма жамоасини кейинги босқичга олиб чиқди.

Жаҳон чемпионатида қолган ўлкаларнинг ФИФА рўйхатидаги ўрни:

1. Бразилия. 3. Аргентина.  4. Франция. 5. Англия. 8. Голландия. 9. Португалия. 12. Хорватия.  22. Марокко.

 

Жамоаларнинг қиймати (еврода)

 

Англия               1,26 миллиард

Бразилия          1,14 миллиард

Франция            1,03 миллиард

Португалия       937 миллион

Аргентина         645 миллион

Голландия         587 миллион

Хорватия           377 миллион

Марокко             241 миллион


Бошқа мақолалар