Собиқ вазир ўз жонига қасд қилди


  • 7 Декабрь, 2023
  • 117

2023 йил июль ойида ишдан бўшатилган Хитойнинг собиқ ташқи ишлар вазири Цинь Ган тахминан ўша ой Пекиннинг ҳарбий госпиталида қийноқларга дош бера олмай ўз жонига қасд қилгани маълум бўлди. Ушбу госпиталда Хитойнинг йирик амалдорлари даволанади. Бу ҳақда АҚШнинг “Politico” нашри хабар бермоқда.

Цинь Ган жорий йилнинг 25 июнь куни Вьетнам ташқи ишлар вазири Буй Тхан Шон, Шри-Ланка ташқи ишлар вазири Али Сабри ва Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко билан учрашганидан кейин омма назаридан йўқолиб қолган эди.

Орадан бир ой ўтиб 25 июль куни “Синьхуа” хабар агентлиги Цинь Ган лавозимидан озод этилганлигини хабар берди. Ўша вақтда Хитой ташқи ишлар вазири билан бирга ракета қўшинлари қўмондони Ли Юйчао, унинг ўринбосари Лю Гуанбинь ва Хитойнинг марказий ҳарбий кенгашининг қўшма штаб бошлиғи ўринбосари Чжан Чжэньчжунлар ҳам кўздан йўқолиб қолди. Кузда эса Хитой мудофаа вазири Лин Шанфу ҳам оммага кўринмай қўйди. Унинг истеъфоси ҳақида расмий равишда октябрь ойининг охирида маълум қилинди.

“Politico” манбаларининг таъкидлашича, Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Руденконинг сафар вақтидаги миссияси Си Цзинпинни Цинь Ган ва бир нечта зобитларнинг ғарб махсус хизматлари билан алоқада эканлиги ҳақида огоҳлантириш эди.

Зобитлар ва уларнинг оилалари ғарбга Хитойнинг ядро сирларини хабар берганлиги тахмин қилинмоқда.

Баъзи манбаларга кўра, Руденконинг ушбу истеъфоларга алоқадорлиги эҳтимоли жуда кам.

Манба “Бу жуда нозик масала. Бундай масалаларни муҳокама қилиш вазир ўринбосарларининг ваколатига кирмайди. Бу нарсалар ҳақида шахсан президент гапириши мумкин” деб изоҳ берди.


Бошқа мақолалар