Японияда кетма-кет фалокат


  • 3 Январь, 2024
  • 143

2024 йил кучли зилзилалар билан бошланган Японияда яна бир фожиа юз берди. Бир йўловчи самолёти қўниш пайтида соҳил қўриқлаш хизматининг самолётига урилиб кетиши оқибатида самолётлар ўт ичида қолди.

Япония пойтахти Токиодаги Ханеда халқаро аэропортида даҳшатли воқеа юз берди. Ўнлаб йўловчилар саёҳат қилаётган самолёт қўниш вақтида соҳил қўриқлаш хизмати самолёти билан тўқнашиб кетди. Тўқнашув натижасида самолётлар олов ичида қолди. Йўловчилар ҳаёти қил устида турган вақт япон қутқарувчиларининг совуққонлик билан ўз ишларини бажариши натижасида эришган муваффақияти бутун дунёни ҳайратга солди.

Ловуллаб ёнаётган самолёт ичидаги 379 кишини 90 сония вақт ичида эвакуация қилишга муваффақ бўлган қутқарувчилар бу борада бутун дунёга дарс берди.

Япония географик жойлашуви сабабли тарих мобайнида кўплаб зилзилаларни бошидан кечирди. Энг сўнгги кеча юз берган ер қимирлаш кучи 5 билан 7 балл орасида бўлди. Японларнинг зилзила вақтида ваҳимасиз ва совуққонлик билан ҳаракат қилишлари камераларга қайд этилди. Зилзилалар ҳаётларининг бир қисмига айланган японларнинг бундай ваҳимасиз ва ишончли ҳаракатлари шубҳали ва камчиликли бинолар қурилишига изн берилмаслиги ҳамда оролдаги ҳар бинони имкони борича бақувват қилиб қурилишидан келиб чиқмоқда.


Бошқа мақолалар