Мусин “Қазақтелеком”ни бошқаради


  • 11 Июнь, 2024
  • 81

Бағдад Мусин “Қазақтелеком” ҲЖ бошқаруви раислигига тайинланди.

“Самруқ-Қазина” ҲЖнинг директорлар кенгаши қарорига кўра, собиқ рақамлаштиришни ривожлантириш, инновация ва аэрокосмик саноат вазири Бағдад Мусин “Қазақтелеком” ҲЖ бошқаруви раислигига тайинланди.

Жамғарма бошқаруви раиси Нурлан Жакупов “Бағдад Мусинга жамғарманинг энг муҳим активларидан бирига бошчилик қилишда муваффақиятлар тилайман. Бундан ташқари ўлканинг энг йирик телеком-компаниясига 14 йилдан ортиқ вақт раҳбарлик қилган Есекеев Қуанишбекка миннатдорчилигимни билдираман” деди.

Аввалроқ “Қазақтелеком” ҲЖнинг собиқ бошқарув раиси Қуанишбек Есекеев президент маслаҳатчиси этиб тайинланганди.

Бағдад Мусин 1983 йил 3 мартда Экибастузда туғилган. Алмати шаҳридаги Сулейман Демирел номли университетнинг “ҳисоблаш техникасини дастурий ва аппарат таъминлаш” ихтисослиги ҳамда ҳуқуқшунослик ва халқаро алоқалар қозоқ институтини тамомлаган.

Мусин турли йилларда “Миллий ахборот технологияси” ҲЖ, адлия вазирлиги, алоқа ва ахборот вазирлиги, транспорт ва коммуникация вазирлигида ишлаган. 2014 йили апрель ойида “Миллий ахборот технологиялари” ҲЖ бошчиси, шу йилнинг август ойида эса “Қазпочта” ҲЖ бошқарув раиси лавозимига ўтирди.

2017 йилдан 2018 йилгача Мусин бош прокуратура қошидаги ҳуқуқий статистика ва махсус ҳисобга олиш қўмитасини бошқарди.

2020 йилнинг июлидан  сентябрь ойигача рақамлаштиришни ривожлантириш вазири ўринбосари, сентябрь ойидан эса вазир лавозимида ишлади. Жорий йилнинг апрель ойида Бағдад Мусин вазир лавозимидан озод этилди.


Бошқа мақолалар