- 2013-01-15
Сурияда 1963 йили иқтидорга келган “Баас” партиясининг 61 йиллик ҳукмронлиги қулади.
“Баас” (араб социалистик жонланиш партияси) Сурияда иқтидорга 1963 йили келганди. Ҳозирги президент Башар Асаднинг отаси Ҳофиз Ассад 1970 йили партия ичидаги тўнтаришда ҳукуматни эгаллади. 1971 йили у Сурия президенти деб эълон қилинди. 2000 йили отасининг ўлимидан кейин Башар Ассад партия жиловини қўлга олди.
2011 йили озодлик талаби билан бошланган халқ ҳаракати куч билан бостирилмоқчи бўлганида гражданлар уруши бошланди. Узоқ йиллар давом этган урушда ўн минглаб тинч аҳоли ҳалок бўлишига қарамай ҳукумат дипломатия ва тинч йўллар билан масалани ҳал этишга уринмади.
Жорий йилнинг 27 ноябрь куни қуролланган мухолиф гуруҳлар кучли тўқнашувлардан кейин Халаб, Идлиб, Хамадан бошлаб кўплаб шаҳарларни ўз назоратига олди. 8 декабрь куни мухолиф гуруҳлар пойтахт Шомга кириши билан Ассад режими ва “Баас” партиясининг ҳукмронлиги ниҳоясига етди. Сурия президенти эса самолётда номаълум йўналишда қочиб кетди.
Аввалроқ “The Wall Street Journal” Миср ва Иордания расмийлари Ассадни ўлкани тарк этишга чақириб, мухолифлар иштирокида муваққат кенгаш ташкил этишни таклиф қилишганди.
Суриялик мухолифлар (таркибига “Озод Сурия армияси” ва “Ҳаёт Таҳрир аш-Шом” исломий ташкилоти киради) ўз ҳужумини ўлканинг шимолида 27 ноябрь куни бошлаганди. Ўлка жанубида жойлашган пойтахт Шомга икки ҳафтадан кам муддатда етиб келди.
Шомга кирган барча мухолиф кучларга Сурия бош вазири Муҳаммад Ғозий ал-Жалолий бошчилигидаги ҳукумат расмий равишда топширилмагунча давлат муассасаларини босиб олиш тақиқланди. Ушбу буйруқни “Ҳаёт Таҳрир аш-Шом” ташкилоти бошчиси Абу Муҳаммад ал-Жулоний берган.
Бундан ташқари у “байрам отишмалари”ни ҳам тақиқлаган. Мухолиф кучлар Башар Ассаднинг ҳукмронлиги тугаганлигини ва “Янги Сурия” даври бошланганлигини эълон қилишди.
Сурия бош вазири Муҳаммад Ғозий пойтахтда қолди ва халқ танлаган ҳар қандай бошқарув билан ҳамкорликда ишлашга ҳамда ҳукуматни топрширишдаги ҳар қандай чораларга тайёрлигини билдирди.