- 2023-04-05
Жанубий Кореянинг ҳокимиятдан ағдарилган президенти қароргоҳига минглаб полициячилар етиб келди. Қўриқчилар қаршилик кўрсатганига қарамай, Юн Сок Ёл ҳибсга олинди.
15 январ, чоршанба куни ахборот агентликларининг хабар беришича, Жанубий Корея ҳукумати ҳокимиятдан четлатилган президент Юн Сок Ёлни шахсий қўриқчилари қаршилик кўрсатишига қарамай, ўз қароргоҳида ҳибсга олди.
Полиция маълумотларига кўра, ҳибсга олиш мақсадида Юн сўнгги бир неча ҳафта давомида қолаётган виллага 3000 дан ортиқ полициячи юборилган. Юннинг қароргоҳи ёнида унинг юзлаб тарафдорлари ва партиядошлари ҳам тўпланишган.
Аввалроқ Юнни ҳибсга олишга уриниш 3 январ куни амалга оширилган, бироқ президент қўриқчиларининг қаршиликлари туфайли у муваффақиятсизликка учраган.
Жанубий Корея президентининг адвокатлари Юн Сок Ёл 15 январ куни Коррупция бўйича бош тергов бошқармаси (CIO) терговчилари томонидан сўроқ қилинишини айтишди. Юннинг ўзи ҳам “қон тўкилмаслиги” учун сўроққа боришга рози бўлганини қўшимча қилди. Шу билан бирга, президент ўзига нисбатан олиб борилаётган терговни ноқонуний деб атади.
Ўз навбатида, мамлакатнинг энг йирик мухолифат кучи – “Тобуро” демократик партияси Юннинг ҳибсга олинишини “демократия ва қонун устуворлигини тиклаш йўлидаги биринчи қадам” деб атади.
Сеулнинг Ғарбий округ суди 31 декабр куни Юн Сок Ёлни ҳибсга олиш тўғрисида CIO ордерини чиқарди. Бу ҳокимиятдан ағдарилган президент қўзғолонга бошчилик қилиш ва ҳокимиятни суиистеъмол қилишда айбланиб, гумонланувчи сифатида уч марта сўроққа келмаганидан кейин содир бўлди.
Бу Жанубий Корея тарихида биринчи марта амалдаги давлат раҳбарини ҳибсга олиш учун ордер чиқарилган ҳолат. Шунингдек, тинтув учун ордер берилди.
Жанубий Корея парламенти 14 декабр куни Юн Сок Ёлни ҳокимиятдан четлатган. Бунга давлат раҳбари томонидан 3 декабр куни сиёсий рақибларга қарши курашиш мақсадида эълон қилинган ҳарбий ҳолат сабаб бўлди. Юннинг қарори жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлди ва парламент ҳарбий ҳолатни тезда бекор қилишга муваффақ бўлди.
Бош вазир Хан Док Су дастлаб президент вазифасини бажарувчи бўлди. Бироқ 27 декабр куни Жанубий Корея парламенти Ханни ҳам ҳокимиятдан четлатиш учун овоз берди. Унинг ўрнига бош вазирнинг биринчи ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Чхве Сан Мок президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Унинг сўзларига кўра, сиёсатининг устувор йўналиши барқарорликни тиклаш бўлади.
kun.uz дан олинди.