- 2015-01-24
АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет Украина ва Россия ўртасидаги тинчлик келишуви Украина учун хавфсизлик кафолатларини ўз ичига олиши кераклигини таъкидлади, аммо бу кафолатлар “НАТОга аъзо бўлиш орқали берилмаслиги, балки жанговор қудратига эга Европа ва Европадан ташқари кучлар томонидан таъминланиши” кераклигини айтди.
Мудофаа вазири бу баёнотини АҚШ президенти Дональд Трамп Россия президенти билан телефон орқали мулоқот ўтказиб, Украинадаги урушни тугатиш бўйича музокараларни дарҳол бошлашга келишиб олганидан бироз олдин берди.
Мудофаа вазирининг баёноти Киевнинг музокаралар олдидан энг муҳим позицияларини сусайтирган. Украинага кўмак бериш масаласини муҳокама қилган Украина Мудофааси бўйича Контакт гуруҳининг ёпиқ йиғилишида Хегсет Киевнинг 2014 йилгача мавжуд бўлган чегараларга қайтиш мақсадини “ҳаётга татбиқ этиб бўлмайдиган” деб атади.
АҚШ мудофаа вазири “ҳар қандай хавфсизлик кафолатлари доирасида Америка қўшинлари Украинага жойлаштирилмаслигини” билдирди.
Шунингдек, у Украинада жойлаштириладиган ҳар қандай тинчликпарвар кучлар НАТО миссиясининг бир қисми бўлмаслиги ва уларга иттифоқнинг ўзаро мудофаа бўйича 5-моддаси татбиқ этилмаслиги кераклигини таъкидлади.
Украина Мудофааси бўйича Контакт гуруҳи 50 га яқин давлатни ўз ичига олиб, 2022 йил февралда Россия билан уруш бошланганидан бери Украинага қўллаб-қувватлаш кўрсатиб келмоқда.
Хегсет келгусида Европанинг “Украинага ўлимга олиб келувчи ва ноҳарбий ёрдамнинг катта қисмини тақдим этиши” кераклигини таъкидлаб, Брюсселдаги саммит иштирокчиларини ҳукуматлари билан мудофаа харажатларини ошириш масаласини муҳокама қилишга чақирди, чунки АҚШ ўз эътиборини бошқа соҳаларга қаратмоқда.
Шунингдек, у АҚШ “Европадаги асосий хавфсизлик кафолати бўлмаслигини” таъкидлади.
“Мен бугун бу ерга келганимнинг сабаби ҳам айнан шу – аниқ ва тайин қилишим керакки, жиддий стратегик воқеликлар АҚШга Европада асосий хавфсизлик кафолати бўлиш имконини бермайди. АҚШ Тинч океанида Хитой билан урушнинг олдини олишга устувор аҳамият қаратади, ресурслар масаласида реалликни ҳисобга олади ва хавфсизлик чораларини мустаҳкамлаш учун баъзи соҳаларда муросага боради. АҚШ ўз эътиборини ушбу таҳдидларга қаратаётгани сабабли, Европа иттифоқчилари бу курашда етакчиликни қўлга олиши лозим”, — деди Хегсет.
Хегсет АҚШ ва Европа “Европа ва Тинч океани минтақасидаги нисбий устунликларимизни максимал даражада оширадиган меҳнат тақсимотини ўрнатишлари мумкин”лигини таъкидлади, аммо бу “бизнинг европалик иттифоқчиларимиз хавфсизлик бўйича масъулиятни ўз зиммасига олиши”ни талаб қилади.
Шу билан бирга, АҚШ мудофаа вазири “Америка Қўшма Штатлари НАТО иттифоқи ва Европадаги шерикчиликка содиқ қолишини” тасдиқлади, аммо Европа ўз хавфсизлиги учун ўзи жавобгар бўлиши кераклигини урғулади.
12 феврал куни АҚШ президенти Дональд Трамп уруш ҳолатидаги давлатлар – Россия ва Украина президентлари билан телефон орқали мулоқот қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳар икки президент тинчлик келишувига эришишни истайди.