- 2016-03-22
Таиланднинг Камбоджа билан чегараси бўйлаб жанговар тўқнашувлар содир бўлмоқда.
Бу ҳақда душанба, 8 декабр куни Таиланднинг Khaosod портали хабар берди.
Аввалроқ портал Камбоджа Анупонг ҳарбий базасига ҳужум қилганини хабар қилган эди. Бир таиландлик ҳарбий ҳалок бўлган, яна икки нафари жароҳатланган. Бангкок эса жавоб зарбаларини бериш учун F-16 қирувчи самолётларини кўтарган.
Таиланд армияси Камбоджа ҳарбий кучлари душанба тонгда Бурирам провинциясидаги фуқаролик ҳудудларига ҳужум қилганини даъво қилмоқда.
"Армия Таиланд ва Камбоджа чегараси бўйлаб бир нечта ҳудудда жанговар тўқнашувлар содир бўлаётгани ҳақида хабар бермоқда, бир ҳарбий ҳалок бўлган, яна тўрт нафари яраланган", — дейилади нашрда.
Таиланд қуруқликдаги кучларининг Иккинчи ҳарбий округи ижтимоий тармоқларда маълум қилишича, Камбоджа билан чегарадош ҳудудлардан тинч аҳолининг тахминан 70 фоизи эвакуация қилинган.
"Соат 6:00 да Камбоджа кучлари Чонг Ан Ма туманидаги позицияларимизга қарата ўқ отди. Тўрт чегарадош провинцияда аҳолини эвакуация қилиш давом этмоқда. Чегарадош туманлар аҳолисининг тахминан 70 фоизи эвакуация қилинди. 35 623 нафар аҳоли вақтинчалик бошпаналарда рўйхатдан ўтди. Тахминларга кўра, баъзи аҳоли қариндошлариникига жойлашган, қолганлари эса ҳали ҳам кўчириш жараёнида", — дейилади хабарда.
Ўз навбатида, Камбоджа сенати раиси ва мамлакатнинг собиқ президенти Ҳун Сен Таиланд чегара ҳудудларидаги жанговар ҳаракатларнинг ҳозирги кескинлашувида "барча турдаги қуроллардан" фойдаланаётганини айтди.
"Олдинги чизиқдаги барча кучлар сабрли бўлишлари керак, чунки босқинчилар кечадан бери барча турдаги қуроллар билан бизни ўққа тутмоқдалар", — деб ёзади Ҳун Сен ўзининг Telegram-каналида.
Сиёсатчи "жанг қилинадиган қизил чизиқ аллақачон белгиланганини" қўшимча қилди ва барча даражадаги қўмондонлар буни ўз аскарларига тушунтиришлари кераклигини таъкидлади.
Май ойида икки давлат ўртасида чегара можароси бошланиб, у 24 июлдан 29 июлгача оғир қурол-аслаҳалар, артиллерия ва авиация қўлланилган шиддатли жанглар босқичига ўтганди.
Охир-оқибат АҚШ, Хитой ва Малайзия воситачилигида ўт очишни тўхтатиш билан якунланган. Октябр ойининг охирида Таиланд ва Камбоджа раҳбарлари Куала-Лумпурдаги АСЕАН саммити доирасида можарони ҳал қилиш бўйича декларацияни имзоладилар.