Қозоғистонда валюта курслари ёзилган таблолар олиб ташланади


  • 7 Апрель, 2025
  • 29

Қозоғистон Миллий банки шаҳар кўчаларида жойлашган валюта курслари кўрсатиладиган электрон таблоларни олиб ташлаш ташаббуси билан чиқди. Янги тартибга кўра, таблолар фақатгина валюта айирбошлаш шохобчалари ичида қолади, аммо бино фасадлари, кўчалар ва жамоат транспорт тўхташ жойларида жойлаштирилиши тақиқланади.

Миллий банк маълум қилишича, 1990-йилларда Қозоғистонда илк бор бундай таблолар пайдо бўлган пайтда рақамли сервислар мавжуд эмас эди ва валюта айирбошлаш кундалик ҳаётнинг бир қисми эди. Аммо бугунги кунда вазият бутунлай ўзгарган.

"Бугун валюта айирбошлаш операцияларининг асосий қисми онлайн амалга оширилади. Валюта курсларини банк иловалари ёки молиявий ташкилотлар сайтлари орқали осонлик билан билиш мумкин. Смартфон орқали бир неча сония ичида энг қулай айирбошлаш нуқтасини танлаш мумкин", — дейилади Миллий банк баёнотида.

Маълум қилинишича, ушбу таблолар маҳаллий ҳокимиятлар томонидан тартибга солинмайди. Бу эса уларнинг кўчаларда назоратсиз ва тартибсиз жойлашувига олиб келган. Таблолар кўпинча йўл ёқаларида, пиёда йўлаклари, автобус бекатлари ва ҳатто йўл белгилари яқинида жойлаштирилган бўлиб, кўзга ташланувчи визуал шовқин ва ҳаракат хавфсизлигига таҳдид солмоқда.

Кўплаб давлатларда шунга ўхшаш ахборот ва реклама қурилмаларини жойлаштириш қонун даражасида тартибга солинади. Қозоғистон ҳам бу йўналишда ҳаракат қилмоқда.

Миллий банк валюта курслари бўйича ахборотга кириш имконияти чекланмаётганини таъкидлади — аҳоли ҳали ҳам банк иловалари, расмий сайтлар ва айирбошлаш шохобчаларининг ўзида курслар ҳақидаги маълумотларни олиши мумкин. Қолаверса, рақамли сервисларда курслар реал вақтда янгиланади, кўча таблоларида эса маълумотлар кечроқ янгиланади ва амалдаги курсларга мос келмаслиги мумкин.

"Валюта айирбошлаш — бу ҳар куни амалга ошириладиган операция эмас. Бу транспорт ҳақи ёки озиқ-овқат хариди каби оддий битим эмас. Ҳар бир ватандош олдиндан режалаштириб, ўзини қулай сезадиган форматда айирбошлаш имкониятига эга. Бу ўзгаришлар тақиқ эмас, балки замонавий рақамли ечимлар, қулай ва хавфсиз шаҳар муҳити ва миллий валютани қадрлаш сари ташланган қадамдир", — дейилади баёнотда.

Миллий банк маълумотларига кўра, мамлакатда дедолларизация сиёсати самара бермоқда: 2016 йил январда 69,7% бўлган доллардаги депозитлар улуши 2025 йил февралда тарихий паст кўрсаткич — 22,5%га тушди. Шунингдек, маркетплейсларда ва тижорат шартномаларида нархлар тенгеда белгиланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, янги тартиб кўп функцияли иншоотлар ичидаги, темир йўл вокзаллари, казинолар, аэропортлар ва чегарадаги пунктларда жойлашган айирбошлаш шохобчаларига тааллуқли эмас.

Шаҳар кўчаларидаги барча ноқонуний таблоларни 2025 йил август ойигача олиб ташлаш режалаштирилмоқда.


Бошқа мақолалар