ЕИ таҳдидига қарамасдан Вучич 9 май куни Москвага боради


  • 18 Апрель, 2025
  • 12

Сербия президенти Александр Вучич Европа иттифоқи томонидан бўлаётган кучли босимга қарамасдан, 9 май куни Москвада ўтказиладиган ҳарбий парадда иштирок этиш ниятидан қайтмаганини билдирди.

Аввалроқ Европа сиёсатчилари уни огоҳлантириб, агар у Москвага борса, Сербиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш жараёни тўсиб қўйилиши мумкинлигини айтган эди. Европаликлар таъкидлашича, Вучичнинг Россияга ташрифи ЕИ аъзолиги учун талаб қилинадиган мезонларга зид бўлиб, Сербиянинг иттифоққа қўшилишга оид расман билдирилган интилишларига зарар етказиши мумкин.

Бундан ташқари, бундай ташриф Кремль раҳбари Владимир Путин ва унинг Украинага қарши уюштирган урушига нисбатан Сербия томонидан қўллаб-қувватлаш деб қабул қилиниши эҳтимолдан йироқ эмас.

Шу билан бирга, Вучич 9 май куни Қизил майдондаги парадда Сербиянинг ҳарбий қисмларидан бири ҳам қатнашишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Сербия бу йил илк бор ушбу тадбирни Россия билан биргаликда ташкил этишда қатнашмоқда.

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Кая Каллас аввалроқ ЕИга аъзо давлатлар раҳбарларини 9 май куни Россияда ўтказиладиган ҳарбий байрамларда иштирок этмасликка, балки Украинага ҳамдўстлик ифода этишга чақирган эди. ЕИ шунингдек, аъзоликка даъвогар давлатларга Москвадаги парадда қатнашмаслик ва умуман Россияга расмий ташрифлардан воз кечиш бўйича қатъий кўрсатма берган.

Шу муносабат билан, Словакия бош вазири Роберт Фицо Кая Калласнинг баёнотларини “ҳурматсизлик” деб баҳолади ва ЕИ дипломатия раҳбарининг огоҳлантирувига норозилик билдириб, ўзи ҳам 9 май куни Москвага бориш ниятида эканини маълум қилди.


Бошқа мақолалар