Чимкент ҳоким ўринбосарига суиқасд қилинди


  • 22 Апрель, 2025
  • 29

21 апрель куни кечқурун Чимкент шаҳар ҳокимлиги биноси ёнида Руслан Берденовга ўқ узилди

21 апрель куни кечқурун Чимкент шаҳридаги шаҳар ҳокимлиги биноси ёнида шаҳар ҳокими ўринбосари Руслан Берденовга нисбатан отишма содир бўлди. У оғир яраланиб, шифохонага ётқизилди. Полиция маълумотига кўра, гумонланувчи қўлга олинган ва жиноий иш қўзғатилган, тергов ишлари олиб борилмоқда.

Шифокорлар дарҳол Берденовга жарроҳлик амалиёти ўтказишди. Ҳозирда унинг ҳаётига хавф йўқ.

Жарроҳликдан кейинги ташхис — ўнг томон кўкрак қутисига кириб борган отиш жароҳати, ўнг ўпканинг пастки бўлаги, қовурға ораси артериялари ва диафрагмага кўплаб шикаст етган. Шунингдек, ўнг томонда гемопневмоторакс қайд этилган.

Бундан ташқари, қорин бўшлиғида жуда кўп кириб борувчи жароҳатлар, жигарнинг шикастланиши, ички қон кетиш, ўнг буйрак, елка ва тўш қисмида отиш жароҳатлари ҳам аниқланган. Ҳолати плевропульмонар ва геморрагик шок билан баҳоланган.

Шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати хабарига кўра, ҳозирда Руслан Берденов ҳушига келган.

“У ҳозир ҳушёр, гапира олади. Ҳолати барқарор оғир деб баҳоланмоқда”, — дейилади баёнотда.

Ҳодисадан сўнг интернет тармоқларида воқеа юзасидан турли тахминлар тарқалди. Улардан бирида бу шахсий муносабатлар, хусусан, рашк сабабли юз берган маиший жанжал экани айтилди.

Шу муносабат билан Чимкент шаҳар ҳокимлиги расмий баёнот берди. Унда айтилишича, Руслан Берденовга қилинган ҳужумнинг сабаби сифатида “ҳужумчининг аёлига нисбатан номаълум муомала” каби тахминлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Руслан Берденов 1985 йили Чимкентда туғилган. У Ал-Фаробий номидаги Қозоғистон миллий университетида менежмент йўналиши бўйича таҳсил олган. Турли хусусий компанияларда ишлаган, жумладан, 2011–2018 йилларда мамлакатдаги энг йирик дорихона тармоқларидан бири — Europharma компаниясининг бош директори бўлган. 2023 йилда Respublica партиясидан Қозоғистон парламенти қуйи палатаси депутати этиб сайланган. 2025 йил феврал ойида Чимкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари этиб тайинланган.

Чимкент — Қозоғистоннинг аҳоли сони бўйича учинчи йирик шаҳри бўлиб, 1 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Астана ва Алмати каби у ҳам республикага бўйсунадиган шаҳарлар қаторига киради.

Берденов шаҳар ҳокимлигида қурилиш ва ижтимоий уй-жой масалаларига масъул эди. Ҳодисадан ўн кун олдин у Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевга Акжайиқ маҳалласидаги тураржой объектларини шахсан кўрсатган эди.


Бошқа мақолалар