Қозоғистон “олтин виза” жорий қилмоқда


  • 1 Май, 2025
  • 14

Қозоғистонда янги инвестициявий виза қоидалари тасдиқланди. Ушбу виза республикада 10 йилгача яшаш гувоҳномасини расмийлаштириш имконини беради.

Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати 30 апрель, чоршанба куни маълум қилди.

«Қозоғистон Республикаси халқаро бизнес томон яна бир қадам ташламоқда. Ташқи ишлар вазирлиги ташаббуси билан инвестициявий визани олишнинг янги қоидалари тасдиқланди. Улар мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини кучайтириш ва узоқ муддатли бизнес ҳамкорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган», — дейилади вазирликнинг баёнотида.

Янги қоидаларга кўра, Қозоғистон компаниялари устав капиталига ёки маҳаллий қимматли қоғозларга камида 300 000 АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритган хорижий ватандошлар электрон ариза орқали инвестициявий виза (яъни “олтин виза”) учун мурожаат қилишлари мумкин. Бу виза келгусида республикада 10 йилгача яшаш гувоҳномасини олиш имконини беради.

Бундай визавий дастурлар жаҳон амалиётида (хусусан, Европа, АҚШ, БАА ва Сингапурда) кенг тарқалган бўлиб, капитал, технология ва бизнес фаолликни жалб қилишда самарали восита сифатида ўзини намоён қилган. Қозоғистон ҳам шундай ёндашувга қўшилиб, ўзининг инвестициявий резидентлик моделини таклиф қилмоқда, деб таъкидлади вазирлик.

«Олтин визаларнинг берилиши хорижий инвесторлар учун қулай ва барқарор муҳит яратади, ҳуқуқий кафолатларни таъминлайди ва Қозоғистоннинг инвестициявий муҳитига бўлган ишончни мустаҳкамлайди. Янги ташаббус мамлакатнинг очиқлик, капитални ҳимоя қилиш ва барқарор халқаро иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга йўналтирилган стратегик мақсадларини акс эттиради», — дейилади хабарда.

Ҳужжат расман эълон қилинганидан сўнг 10 кун ўтиб кучга киради.


Бошқа мақолалар