- 2023-07-20
Миллий гвардия ҳарбийлари федерал иммиграция рейдларига қарши ўтказилаётган намойишларга жавобан Лос-Анжелесга етиб келишди.
АҚШнинг Шимолий қўмондонлиги маълумотларига кўра, ҳарбийлар 79-пиёда бригадаси жанговор гуруҳига тегишли.
NBC News’нинг хабар беришича, 8 июнь, якшанба куни олинган видеокадрларда Миллий гвардия машиналарининг Лос-Анжелес марказидаги федерал бинолардан бири олдига етиб келгани акс этган. Гвардиячилар тўлиқ жанговор экипировкада ва қуролланган ҳолда машиналардан тушиб, атрофда жой эгаллашган.
АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакатдаги беқарорликларни бартараф этиш мақсадида камида 2000 нафар ҳарбий хизматчини жалб қилишни назарда тутувчи меморандумни имзолади.
Оқ уй сайтида эълон қилинган ҳужжатда сўнгги вақтларда АҚШда зўравонлик ва норозилик ҳаракатлари кучайгани, шунингдек, АҚШ Ички хавфсизлик вазирлигига қарашли Иммиграция ва божхона назорати хизмати (ICE) ҳамда бошқа федерал идоралар ходимлари томонидан қонунларни ижро этиш ортидан бу ҳолат яна давом этиши мумкинлиги қайд этилган.
Федерал хизматга чақирилган Миллий гвардия кучлари сони камида 2000 кишидан иборат бўлиши лозим. Улар 60 кун мобайнида ёки АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет хоҳишига кўра узоқроқ хизмат қилади.
Бундан ташқари, мудофаа вазири ўз қарорига асосан федерал вазифалар ва мулкларни ҳимоя қилиш ҳамда қўллаб-қувватлаш учун ҳар қандай миқдорда доимий қуролли кучлар ҳарбийларини ҳам жалб қилиши мумкин.
Калифорния губернатори Гэвин Ньюсом ва Лос-Анжелес шаҳар мэри Карен Басс ушбу қарорни танқид қилиб, уни "қарама-қаршиликни кучайтирувчи ва кераксиз" деб баҳолашди.
Эслатиб ўтамиз, шу ҳафта ICE рейдлари ортидан Лос-Анжелесда асосан лотин америкаликлар истиқомат қилувчи туман аҳолиси ва иммиграция хизмати ходимлари ўртасида тўқнашувлар юз берди. ICE ходимлари Парамаунт туманида намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва калтаклардан фойдаланди.