Лос-Анжелесда комендантлик соати жорий этилди


  • 11 Июнь, 2025
  • 20

АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида Муҳожирлик ва Божхона муҳофазаси бошқармаси (ICE) томонидан ноқонуний муҳожирларни қўлга олишга қарши қаратилган намойишлар давом этмоқда. Лос-Анжелес шаҳар мэри Карен Басс шаҳарда комендантлик соати жорий этилганини маълум қилди.

АҚШнинг Калифорния штатига қарашли Лос-Анжелес шаҳри мэри Карен Басс, ноқонуний муҳожирларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилаётган намойишларда юз берган тартибсизликлар туфайли комендантлик соати жорий этганини эълон қилди. Комендантлик соати маҳаллий вақт билан соат 20:00 дан бошлаб 06:00 гача амал қилади ва шаҳар марказидаги тахминан 2 километрлик ҳудудни қамраб олади.

АҚШ Президенти Дональд Трамп Калифорния губернаторининг очиқ эътирозига қарамасдан Миллий гвардияни жалб этди ва демократик раҳбарларни айблади, бу эса вазиятни янада кескинлаштирди. АҚШ Шимолий Қўмондонлиги федерал мулк ва ходимларни муҳофаза қилиш мақсадида 700 денгиз пиёда аскарини Лос-Анжелесга юборганини маълум қилди. Шу билан бирга, Мудофаа вазирлиги яна 2 минг нафар Миллий гвардия аскарини жойлаштирганини эълон қилди. Трамп Калифорния губернатори Гэвин Ньюсомни бевосита танқид қилиб, Шимолий Каролинадаги Форт-Брэгг ҳарбий базасида ўзига хос шиша капсула ичида нутқ сўзлади.

Трамп: “Лос-Анжелесда ваҳший ҳужумлар бўлди. Полиция ёрдам сўради. Биз Миллий гвардияни юбордик. Ички таҳдидлар билан дуч келяпмиз. Мен фуқаролик урушини истамайман. Гуруҳларни молиялаштираётганлар бор, ташқи кучлар аралашмоқда. Намойишларнинг мақсади — мамлакатимизни чет элликлар томонидан босиб олинишини давом эттириш. Олий қўмондон сифатида бунга йўл қўймайман. Армиямиз учун 1 триллион доллар ажратдик. Керак бўлса, яна аскар юборилади. Байроқни ёққанлар қамалиши керак. Агар исён бўлса, 1807 йилда қабул қилинган ‘Исён тўғрисидаги қонун’ни ишга соламан,” — деди. Шунингдек, у намойишчиларни “сотиб олинган” жиноятчилар, деб атади.

Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноем ҳам намойишчилар пул олаётганини таъкидлаб, “бу олдиндан режалаштирилган операция” эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, хавфсизлик кучлари шаҳарда 400-500 та нишонни қидирмоқда ва уларнинг кўпчилиги “таниш жиноий гуруҳ аъзолари” ҳисобланади. “Бу шахслар йиллар давомида Лос-Анжелесни азобга солиб келаётган, аммо губернатор Ньюсом чора кўрмаган гуруҳлар,” — деди у.

Бундан ташқари, Лос-Анжелес шаҳар мэри Карен Басс Трампнинг ҳарбий кучларни юборишини қоралаб, шундай деди: “Трамп маъмурияти бостирувлар фақат жиноятчилар ва қидирувдаги шахслар учун бўлади деган. Аммо бугунги вазиятда ҳокимият вакиллари одамларнинг иш жойларигача кириб бормоқда. Уларни ушлаш керак деган гап бўлмаган. Шаҳримиз тажриба майдонига айлантирилмоқда.”


Бошқа мақолалар