- 2022-06-30
Ойнинг жанубий қутбига муваффақиятли миссияларни амалга оширганидан сўнг, Хитой энди қуёш энергиясидан фойдаланиб Ой тупроғидан ракета ёқилғиси ишлаб чиқаришга эришди.
Ой юзасида доимий инсон яшаш жойлари ташкил этишни мақсад қилган хитойлик олимлар бу борада катта илмий ютуққа эришдилар.
Гонконг Хитой университетидан профессор Лу Ванг бошчилигидаги тадқиқот гуруҳи, Ой тупроғи (реголит) орқали сув, кислород ва ракета ёқилғиси сифатида ишлатиладиган метан ишлаб чиқаришга муваффақ бўлди.
Олиб борилган тажрибада қуёш нуридан фойдаланиб тупроқдаги сув ажратиб олинди ва бу сув карбонат ангидрид билан реакцияга киритилиб метан ҳамда кислород ҳосил қилинди.
Профессор Лу Ванг: «Ойдан сув ажратиб олиш ва фототермал CO₂ катализини бир босқичли жараён сифатида бирлаштириш энергия самарадорлигини оширади ҳамда инфратузилмани ривожлантиришдаги харажат ва мураккабликни камайтиради», деди.
Тадқиқот Хитойнинг "Чанъэ 5" экспедицияси давомида жамланган сунъий реголит намуналари билан лабораторияда ўтказилган. Ойдан тўғридан-тўғри олиб келинган намуналар эса таҳлил пайтида бузилмаслиги учун ишлатилмаган.
Ой тупроғида учрайдиган илменит минерали бу жараёнда катализатор вазифасини бажарди ва шу билан бирга тупроқдаги сувнинг ажралиб чиқишига ёрдам берди. Қуёш энергиясида ишловчи реактор тупроқни 200°C гача қиздириб реакцияни бошлатган. Реакция натижасида астронавтлар нафас оладиган CO₂ сув билан бирлашиб кислород ва метан ҳосил қилган.
Метан — суюқ водородга қараганда барқарорроқ ва сақлашда осонроқ бўлган амалиётда қулай ракета ёқилғиси ҳисобланади. Хитойнинг Landspace компанияси каби бир неча хусусий компаниялар ҳозирда метан билан ишловчи ракеталар устида иш олиб бормоқда.
Central Florida университетидан сайёра физикачиси Филип Метзгер: «Бу ердаги янги жиҳат — карбонат ангидрид молекулаларини парчалаш ва уни сув билан қўшиб метан ҳосил қилиш учун Ой тупроғини катализатор сифатида қўллашдир», — деди.
Хитойлик тадқиқотчилар ушбу усул назарий жиҳатдан самарали эканини таъкидлаб, аммо Ой юзасидаги қаттиқ шароитлар — ҳарорат ўзгаришлари, вакуум, юқори қуёш радиацияси ва паст гравитация — амалиётга жорий этишда жиддий техник қийинчиликлар туғдириши мумкинлигини айтдилар.