- 2024-04-03
Россиянинг Амур вилоятида Хабаровск — Благовещенск — Тинда йўналиши бўйича парвоз қилаётган Ан-24 йўловчи самолёти радарлардан йўқолди.
Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, самолёт Тинда шаҳри аэропортидан бир неча километр узоқликда радарлардан ғойиб бўлган.
Қийин етиб бориладиган ҳудудда жойлашган ҳалокат манзилига бир неча соатдан сўнг қутқарувчилар етиб борди. Дастлабки маълумотларга кўра, тирик қолганлар йўқ.
"Ангара" авиакомпаниясига тегишли самолётда 43 нафар йўловчи (улардан 5 нафари бола) ва 6 нафар экипаж аъзоси бўлган. Қутқарувчиларни олиб кетган вертолёт самолётнинг ёнган фюзеляжини аниқлади.
Амур вилоятида Ан-24 самолёти қулаганидан сўнг фавқулодда ҳолат режими жорий этилди. Бу барча куч ва воситаларни сафарбар этиш мақсадида амалга оширилди.
РБК ахборотига кўра, самолётнинг парчалари Тиндадан 16 км узоқликдаги тоғ етакларида топилган. Mash'нинг ёзишича, дарахтлар зичлиги туфайли қутқарувчи вертолёт қўна олмаган. Шунинг учун пиёда қидирув-қутқарув гуруҳи юборилган. Уларнинг ҳалокат манзилига етиб бориши тахминан бир соатни ташкил этади.